Гарвард университети профессори Наманганда
АҚШнинг Гарвард университети – жаҳонга машҳур олий таълим муассасаси ҳисобланиб, халқаро рейтингларнинг энг юқори ўринларини эгаллаган. Ушбу олийгоҳда таҳсил олиш қанчалар шараф ва машаққатли бўлса, Гарвард талабаларига дарс бериш бунданда масъулиятлидир.
Дэвид Баффорд – Гарвард университети профессори, катта илмий ходими, нуфузли университетнинг таниқли олимларидан бири. У илмий ҳамкорлик доирасида мамлакатимиз олий ўқув юртларига илк ташрифи сифатида куни кеча Наманган давлат университетига келди.
Таъкидлаш даркор, жанубий шарқий Осиё ва Шимолий Америка флораси бўйича етук мутахассис саналган Девид Баффорд айни пайтда Япония, Хитой, Тайван, Корея, Непал, Шимолий Америка каби қатор давлатлардаги флора лойиҳаларида иштирок этмоқда.

У 1977 йилдан буён Осиё қитъаси бўйлаб турли илмий экспедицияларда иштирок этган, юздан ортиқ илмий мақолалар ва услубий ишлар муаллифи.
Етук мутахассис, шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти томонидан инглиз тилида нашр этиладиган илмий журналнинг таҳрир ҳайъати аъзосидир. Наманган давлат университетида ҳам тизимли равишда “Илмга асосланган таълим” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур жараёнда жаҳоннинг 60 дан ортиқ мамлакатларнинг юқори малакали илмий ходимлари ва профессорлари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Таниқли профессорга НамДУ биология кафедраси собиқ битирувчиси, доктор Зиёвиддин Юсупов ҳамкорлик қилди. Профессор Девид Баффорд университетда биология йўналиши талабалари учун ботаника фани бўйича “Хенгдуан (Хитой) тоғ тизмаси – биохилма-хилликнинг қайноқ нуқтаси” мавзусида маҳорат дарсини ўтди.
– Наманган давлат университети талабалари билан ўсимликларни сақлаш ва уларнинг экологиясини ўрганиш, Хитойдаги тажрибаларим, улардан келиб чиққан хулосаларим, амалга оширган илмий тадқиқот ишларим юзасидан мулоқот ўтказдик, – дейди америкалик таниқли олим Девид Баффорд. – Ўзбекистонлик ёшларнинг изланиши, илм олишга бўлган иштиёқи, шижоати ва завқини кўриб, талабалик дамларимни эсладим. Келгусида ботаника соҳасида Наманган давлат университетининг тадқиқотчи олимлари ва илмий изланишда бўлган талабаларини Гарвард университетига таклиф этиш, ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдик.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.