Гандболчиларимиз Озарбайжонда
Шу кунларда Боку шаҳридаги “AHF Arena” спорт мажмуасида гандбол бўйича Гейдар Алиев хотирасига бағишланган аёллар жамоалари ўртасида халқаро турнир мусобақалари давом этмоқда.
Озарбайжоннинг “Азерйўл”, “Қорабоғ”, “Кур”, Қозоғистоннинг “Астана”, “Алатау Арулари” ва Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ғолиблик учун кураш олиб бораётган турнирнинг илк учрашувлари якунланди.
Дастлабки тур учрашувларида “Кур” - “Астана” ва “Қорабоғ” - Ўзбекистон аёллар терма жамоалари куч синашди.

“Қорабоғ” жамоаси ва Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги дастлабки ўйиннинг илк бўлимида гандболчиларимиз устунликка эришди. Иккинчи бўлимда озарбайжонлик қизларнинг интилиши самара берди. Тенг курашлар, кўп ҳолларда ўзбекистонлик гандболчиларнинг пешқадамлиги остида ўтган ўйиннинг охирги сониясида “Қорабоғ” жамоаси 1 очкога олдинга ўтиб олди ва бу сўнгги сонияларгача ўзгаришсиз қолди. 27:28 –озарбайжонликлар фойдасига.

“Кур” (Озарбайжон) ва “Астана” (Қозоғистон) жамоалари қарама-қаршилигидаги баҳсда 36:26 ҳисобида қозоғистонликлар ғолибликни тантана қилди.
Мусобақалар 1 сентябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА