Гандбол: яхши от кейин чопадими?
Кеча Иорданиянинг Аммон шаҳрида гандбол бўйича аёллар ўртасидаги XVIII Осиё чемпионатининг “А” ва “Б” гуруҳларида дастлабки ўйинлар бўлиб ўтди.
“А” гуруҳида иштирок этаётган вакилларимиз Осиё гандболида ўзига хос ўринга эга бўлган жанубий кореяликлар билан муносиб ўйин тактикасини намойиш этди. Бироқ халқаро тажрибаси юқори бўлган кореяликлар ҳамюртларимизни доғда қолдиришга муваффақ бўлди. Жанубий Корея-Ўзбекистон: 45:19. Ушбу гуруҳнинг Қозоғистон-Сингапур ўйинида қўшниларимиз ғалаба байроғини кўтаришди.
“Б” гуруҳида эса қуйидаги натижалар қайд этилди: Япония-Эрон:23:20, Фаластин-Иордания:7:45, Қувайт-Сурия:28:32.
Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳдаги кейинги рақиби Қозоғистон гандболчилари. Қўшни давлат вакиллари билан бўладиган ўйин 18 сентябрь куни ўтказилади.
Бугун эса “А” гуруҳида Қозоғистон-Гонгконг, Жанубий Корея-Сингапур учрашувлари ўтказилса, “Б” гуруҳида Эрон-Қувайт, Иордания-Сурия ва Япония-Фаластин баҳслари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон қитъа чемпионатининг «А» гуруҳидан жой олган. Гуруҳдаги рақибларимиз Жанубий Корея, Гонконг, Қозоғистон, Қатар ва Сингапур терма жамоалари. Чемпионат баҳслари 25 сентябрга қадар давом этади. Терма жамоамиз гарчи илк ўйинни бой берган бўлса-да, “яхши от кейин чопади” тамойилига амал қилган ҳолда қитъа чемпионатида муносиб иштирок этади, деган умиддамиз.
Т. Рўзиев, ЎзА