Гандбол: Ўзбекистон чемпионатида қайси жамоалар етакчиликка эришди?
Пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мажмуасида гандбол бўйича U16 ёш тоифасида ўғил ва қиз болалар жамоалари ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг III давра баҳслари поёнига етди.
Саккиз кун давом этган шиддатли ўйинлар натижасида кучли жамоалар сараланди ва терма жамоаларга муносиб бир қатор иқтидор эгалари синовдан ўтказилди.
Мусобақа давомида жамоалар юқори спорт маҳорати, кучли ирода ва муросасиз кураш руҳиятини намойиш этди.

Ўғил болалар жамоалари ўртасида III давра натижалари ва тўпланган очколар бўйича Наманган вилояти (12 очко) “А” гуруҳида етакчиликка эришган бўлса, кейинги поғоналарни Тошкент (10 очко) ва Жиззах вилояти (8 очко) жамоалари банд этди.
III давранинг “Б” гуруҳидаги ўғил болалар жамоалари орасида Андижон вилоятининг “Қўрғонтепа” гандболчилари (14 очко) етакчиликка эришди. Хоразм (12 очко) ва Андижон(10 очко) жамоалари кейинги поғоналардан жой олди.

Ҳар икки гуруҳдаги умумий ҳисоб-китобларга кўра, “Қўрғонтепа” гандболчилари 39 очко билан III давранинг энг кучли жамоаси номига сазовор бўлди. Наманган ва Хоразм вилояти вакиллари кейинги қаторларга эгалик қилди.
Қиз болалар жамоалари орасида “А” гуруҳида Сурхондарё вилояти, “Б” гуруҳида Наманган вилояти гандболчилари 12 очко билан етакчиликка эришди.
Шунингдек, ўз гуруҳларида Қорақалпоғистон, Сирдарё, Хоразм, Андижон жамоалари юқори ўринларга даъвогар эканини намойиш этди.
Ўзбекистон чемпионати III давра ўйинларининг ҳар икки гуруҳ ҳолатида Наманган вилояти гандболчи қизлари 38 очко билан пешқадамликни қўлга киритди.
Т.Рўзиев,
ЎзА