Ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси (+видео)
Бухорода анъанавий “Президент арчаси” байрам тадбирига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ва эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари таклиф этилди.
Юртбошимизнинг келажагимиз эгаларига кўрсатаётган ғамхўрлигининг ёрқин ифодасини ўзида намоён этган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, Президентимизнинг болажонларга йўллаган Янги йил байрам табригини ўқиб берди. Ўқув қуроллари ва ширинликлардан иборат туҳфадан ўғил-қизларнинг кўнгли шод бўлди.
[gallery-26923]
“Президент арчаси” ўрнатилган катта саҳнада қорбобо ва қорқиз иштирокида вилоят театри ижодий жамоасининг меҳр-оқибат, эзгуликнинг ёвузлик устидан ғолиб чиқиши, инсон доимо яхшилик ва хайрли ишларга интилиб яшаши ҳақида ҳикоя қилувчи спектакль намойиш қилинди. Байрамона безатилган арча атрофидаги шўх қўшиқ, тарона ва рақслар, болажонларга олам-олам қувонч, шодлик ва ҳаяжон, кўтаринки кайфият бағишлади.
Байрам тадбирлари нафақат вилоят маркази, балки ҳар бир шаҳар ва туманда янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган “Президент арчаси” тантаналари ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини кенг қамраб олган ҳолда уюшқоқлик билан ўтмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/shUTl3rqOOo" title="G‘amxo‘rlikning yorqin ifodasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.