Ғамхўрликдан мустақил ҳаёт сари
Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги ногиронлиги бўлган шахслар учун аёлларга «Ғамхўрлик» марказида парвариш хизматлари билан бир қаторда меҳнат терапияси, индивидуал реабилитация ва ижтимоий интеграцияга асосланган замонавий ёндашув самарали қўлланилмоқда. Бу эса яшовчиларнинг мустақил ҳаёт кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш ҳамда мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни пайтда марказда 274 нафар ногиронлиги бўлган аёл доимий парвариш асосида истиқомат қилади. Уларнинг 194 нафари мустақил ҳаракатланади, 39 нафари эмаклаб юради, 41 нафари эса ётоқ режимида парваришланади. 354 ўринга мўлжалланган муассасада тиббий, ижтимоий, психологик ҳамда реабилитация хизматлари комплекс тарзда ташкил этилган. Сўнгги йилларда муассаса инфратузилмаси тубдан янгиланиб, замонавий маъмурий бино, ётоқхоналар, ошхона ва реабилитация хоналари барпо этилди.

Марказ директори Ёқубжон Шукуровнинг таъкидлашича, муассаса фаолиятидаги асосий мақсад инсонни фақат парваришлаш эмас, балки унинг мавжуд имкониятларини ривожлантириш, меҳнатга қизиқишини ошириш ва мустақил ҳаётга тайёрлашдан иборат.

Бу ёндашув меҳнат терапияси лойиҳаларида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Муассаса ҳудудида ташкил этилган иссиқхонада марказда яшовчилар кўчат экиш, ўсимликларни парваришлаш ва ҳосил йиғиш ишларида фаол иштирок этади. Яқинда иссиқхонада етиштирилган биринчи помидор ҳосили йиғиб олинди. Бу жараён иштирокчиларда амалий меҳнат кўникмаларини шакллантириш билан бирга, ўз меҳнати самарасини ҳис этиш, ўз кучига бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ҳаётга қизиқишни оширишга ҳам хизмат қилмоқда.


Марказда тикувчилик йўналишида ҳам амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Маҳаллий тадбиркорлар буюртмалари асосида чойшаблар тикилиб, тайёр маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Бу орқали яшовчилар касбий кўникмаларни эгаллаш, меҳнат муҳитига мослашиш ва жамоада ишлаш тажрибасини орттирмоқда.
Муассасада ҳар бир яшовчи билан индивидуал интеграция режаси асосида иш олиб борилади. Реабилитация дастури шахснинг саломатлиги, жисмоний имкониятлари, қизиқишлари ва ижтимоий мослашув даражасини инобатга олган ҳолда шакллантирилади. Психологлар, шифокорлар, ижтимоий ходимлар ва тарбиячилардан иборат мутахассислар жамоаси ҳар бир яшовчига комплекс ёндашув асосида хизмат кўрсатади.


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилганига уч йил тўлган бир пайтда «Ғамхўрлик» марказида амалга оширилаётган мазкур ишлар мамлакатимизда инсонни фақат парвариш объекти сифатида эмас, балки унинг имкониятларини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий сиёсат изчил амалга оширилаётганининг амалий ифодасидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири