Ғаллакорлар зафар маррасига етиб келди
Нон дастурхон кўрки, кўзлар қувончидир. Дастурхонга барча ноз-неъматларни тортиқ қилинг, ҳар қанча безак беринг, неъматларнинг энг улуғи нон бўлмас экан барчаси беҳуда кетади. Дастурхоннинг султони палов бўлса, унинг подшоси нондир. Шундан бўлса керак, деҳқончилик соҳасида дон етиштириш ва уни сақлаш борасида кўплаб тажрибалар амалга оширилиб келинади.
Наманган вилояти Мингбулоқ туманида 2025 йил қишлоқ хўжалиги соҳаси учун ғоят баракали келди. Деҳқончилик ҳандалаги ҳисобланган пилла топшириш режаси уддаланиши ортидан ғаллакорлар ҳам вилоятда биринчилардан бўлиб зафар маррасини забт этдилар. 9 минг 141 гектар майдондан 27 минг 182 тонна сара ва 626 тонна уруғлик дон йиғиштириб олиниб, шартномавий режа ёруғ юз билан адо этилди. Ҳосилдорлик ўртача 92 центнерни ташкил этди.

Мавсумга пухта тайёргарлик кўрилгани, ўрим техникалари барвақт соз этиб қўйилгани, 58 та отрядда намунали иш ташкил этилгани муваффақиятнинг асосий омили бўлди. Катта хирмонга “Бахтиёр Абдусаломович”, “Муҳсин Аъзам”, “Қурвонбой Ҳайитқулбой ўғли” фермер хўжаликлари муносиб ҳисса қўшди. Мазкур хўжаликларда ҳар гектардан 100 центнергача ғалла олишга эришилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, 35 минг тонна ҳосил фермерларнинг ўз ихтиёрида қолади. Бу уларнинг хўжалик аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш, янги техникалар сотиб олиш, келгусидаги янада самарали фаолият йўлида янги агротехника усулларини жорий этиш каби имкониятларини кенгайтиради.

Учқўрғонлик деҳқон ва фермерлар ҳам давлатга топширилиши лозим бўлган 25 минг 125 тонна ғалла режасини 15 кун ичида тўлиқ бажаришга муваффақ бўлиб, Наманган вилоятида пешқадам ғаллакорлар сифатида эътироф этилди.
Ғалабанинг асосий пойдевори – фермерларнинг ерга алоҳида меҳр билан қарагани, яъни қадалган дондан бошлаб уни парвариш қилиш, агротехник қоидаларга амал қилиш ва замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳосилдорликнинг мўл бўлишига замин яратди. Муҳими, мавсумда отрядлар, механизаторлар, агрономлар ўзаро ҳамжиҳатликда, уюшқоқлик билан иш олиб борди.

Ғалла ўримининг асосий “қаҳрамонлари”дан бири бу механизаторлардир. Улар орасидан айримлари кунига 80-100 тонна буғдой ўриб, рекорд кўрсаткичларга эришди. Юқори кўрсаткич қайд этган механизаторлар туман ҳокимлиги томонидан муносиб рағбатлантириб борилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.