Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экилмоқда
Бугунги кунда юртимизда аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Навоий вилоятида ҳам 2024 йил ғалла ҳосилидан бўшаган майдонлар сомондан тозаланиб, такрорий экин экиш ишлари бошлаб юборилган. Экиш жараёни эса “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

– Вилоятда ғалладан бўшаган майдонларга сабзавот ва полиз экинлари, мойли ва дуккакли ҳамда озуқа экинлари экилмоқда, – дейди инспекциянинг вилоят бошқармаси бош мутахассиси Б.Тўйчиев. – Бугунги кунда 9 минг 244 гектар майдонда такрорий экин экилиб ишлар давом этмоқда.

Хатирчи туманидаги фермер хўжаликлари томонидан 10,1 минг гектар майдонга такрорий экинлар экиш режалаштирилган. Қосим Раҳматов ҳудудидаги “Пўлат бобо” фермер хўжалиги бу йил 21 гектар майдонга бошоқли дон эккан эди. Куз ва баҳор ойларида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида олиб борилганлиги боис фермер туманда ғалла топшириш режасини биринчилардан бўлиб ортиғи билан бажарди.

– Ғалладан бўшаган майдоннинг 16 гектарига дуккакли ҳамда 5 гектарига сабзавот экинларни режалаштирганмиз. Ҳозирда экиш ишлари якунланиб қолди, – дейди фермер Ғолибназар Пўлатов. – Такрорий экиннинг далага ҳам фойдаси катта. Ғалладан бўшаган ерга такрорий экин экилганда ерга биологик азотнинг етишмаслик муаммоси бартараф этилади.
Бундан ташқари, такрорий экин қўшимча даромад манбаи бўлиб, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, бозорларда нарх-навонинг ошиб кетишининг олдини олади. Дастурхонимиз тўкинлигини таъминлайди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири