Ғаллачиликнинг бугунги ҳолати ҳақида ахборот берилди (+видео)
Республикамизда 2025 йил ҳосили учунсуғориладиган 996 900 гектар майдонга кузги буғдой экилган. Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маҳаллий шароитда яратилган буғдойнинг серҳосил, сувсизликка ва касалликларга чидамли истиқболли навлари жойлаштирилмоқда.
Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб ғаллачиликда йўлга қўйилган селекция ютуқлари натижасида бугун республикада экилаётган жами ғалла майдонининг 40 фоиздан зиёд қисмини маҳаллий навлар ташкил этмоқда. Селекционер олимларимиз томонидан сўнгги беш йилда ўрта, эртапишар, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли “Аср”, “Давр”, “Андижон-2”,“Чиллаки”, “Бобур”, “Ёғду” каби ўнлаб янги навлар яратилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида журналистларга жорий йилги бошоқли дон экинларининг парвариши учун қилинаётган агротехник тадбирлар, янги навлар, касалликларга қарши кураш ва бу борада олиб борилаётган ишлар бўйича батафсил маълумот берилди.
- Кузги буғдой экиш майдонлари йилдан-йилга қисқариб боряпти, - дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Дон ва дуккакли экинлар бўлими бошлиғи Абдулла Мансуров. – Қисқарган майдонларга экспортбоп экинларни кўпроқ экиб, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмоқда. Охирги йилларда бизни илмий-тадқиқот институтларимиз олимлари томонидан юқори ҳосилдор янги навлар яратиляпти. Янги-янги ғалла етиштириш технологияси ишлаб чиқиляпти. Бундан 5 йил аввал баргдан озиқлантириш деган нарса ғаллачиликда бўлмас эди.
Оддий карбомид ўғити билан озиқлантириб қўяр эдик. Бугунги кунда микроэлементлар билан бойитилган янги препаратлар чиқди. Булар билан озиқлантириш ҳисобига ҳосилдорлик 10-15 центнерга ошяпти.
Таъкидландики, бу йилги ғаллачилик мавсумида ноябрь ва декабрь ойларининг одатдагидан ўзгарувчан бўлганлиги сабабли экилган бошоқли дон экинларининг тиним даврига тўлиқ ўтмасдан ўсиш ва ривожланиши давом этди. Ёғингарчиликнинг кам бўлиши, об-ҳавонинг қуруқ ва илиқ бўлиши ғалла майдонларидаги тупроқнинг 20-25 см қатламида намлик етишмаслиги ҳолатларини юзага келтирмоқда. Бундай шароитда бошоқли дон экинлари пахта ҳосилини ҳамда такрорий экинларни йиғиштириб олиш ишларининг бир оз кечикиши натижасида аксарият майдонларда бошоқли дон экинлари ўз муддатида экилмай, ҳар йилгидан бир мунча кечикканлигига сабаб бўлди.
Хуллас, анжуманда 2025 йил ҳосили учун 10-15 фоиз ғалла майдонларидаги ниҳоллар кечки ҳамда ривожланишда орқада қолаётгани айтиб ўтилди.
Тадбирда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов ҳамда Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директори Ойбек Аманов сўзга чиқиб, шу кунларда берилган сув ғалланинг ниҳоллари жойлашган тупроқ қатламидаги ишқорли муҳитни ўзгартириши, чучук (оқава) сув илдиз жойлашган тупроқдаги шўрни ювиши ҳисобига ғалланинг илдиз қатламида шўрни ювилиши ҳисобига ниҳолларнинг ўсиш ва ривожланиши таъминланиши ва март ойининг ўрталарига келиб 3-4 тупдан ҳосил қилишини таъкидладилар.
Матбуот анжуманида шунингдек ғаллачиликда ҳар гектаридан 80-100 центнерлик ҳосил олишга ёрдам берадиган бир қатор янги инновацион агротехнологиялар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.
Савол-жавоблар руҳида ўтган анжуманда журналистларнинг барча саволларига батафсил жавоблар қайтарилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DMJBGQyjYvA" title="Gʻallachilikning bugungi holati haqida axborot berildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА