"Ғалла-2026": Бухорода ўрим-йиғим мавсуми бошланди
Жорий йилда Бухоро вилоятида 2026 йил ҳосили учун 3 минг 20 та фермер хўжалиги томонидан 65 минг гектар майдонга ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос бўлган юқори ҳосилли ғалла навлари экилиб, агротехник талаблар асосида парвариш қилинди. Мавсум якунларига кўра, ғаллакорлар томонидан 650 минг тоннадан ортиқ ғалла етиштириш режалаштирилган. Шундан 214 минг 890 тоннаси давлат хариди учун топширилади. Унинг 196 минг 890 тоннаси товар дон, 18 минг тоннаси эса уруғлик дондан иборат бўлади.
Ҳар йилги эзгу анъанага мувофиқ, ғалла ўрим-йиғими мавсуми бошланиши арафасида Бухоронинг муқаддас қадамжоларидан бири бўлган Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида эҳсон тадбири ташкил этилди. Унда вилоят фаоллари, туман ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари, меҳнат фахрийлари, диний соҳа вакиллари ҳамда агросаноат мажмуи корхоналари ходимлари иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Унда мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлиги, деҳқон ва фермерлар меҳнатининг баракали бўлиши, ғалла ҳосилининг мўл келиши ҳамда ўрим мавсумининг хайрли ва файзли ўтиши тилаб дуолар қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Хусусан, илм-фан ютуқлари, инновацион технологиялар ва илғор агротехник ёндашувларнинг амалиётга жорий этилиши соҳада юқори натижаларга эришишда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.

Шунингдек, вилоятда буғдой навларини янгилаш, маҳаллий шароитга мос юқори ҳосилли навларни кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги олимларини агротехник жараёнларга жалб этиш ҳамда фермер хўжаликларининг иқтисодий манфаатдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини билдирди.

Вилоят раҳбари эл-юрт дастурхонининг тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган барча ғаллакорлар, кластерлар, сервис ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар жамоаларини мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ташкил этишга чақирди. Шу билан бирга, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан, қисқа муддатларда ва сифатли йиғиштириб олиш бўйича туман ҳокимлари ҳамда соҳа мутасаддилари олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Жорий йилги ўрим мавсумини юқори савияда ташкил этиш мақсадида барча зарур техника ва механизмлар шай ҳолатга келтирилди. Жумладан, 244 та замонавий комбайн, 1220 та юк ташиш автомашинаси, 163 та ўт ўргич ҳамда 134 та зичлаб боғлагич техникаси мавсумга тўлиқ тайёрланган. Шу билан бирга, ўрим жараёнида меҳнат қиладиган комбайн ҳайдовчилари ва механизаторлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш чоралари ҳам кўрилган.
Бугун Бухоро далаларида пишиб етилган олтин бошоқлар деҳқон меҳнатининг самараси, мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида намоён бўлмоқда. Бу ҳосил ортида минглаб инсонларнинг меҳнати, сабр-тоқати ва эзгу орзу-ниятлари мужассам.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири