Гаитида гуманитар инқироз кучаймоқда
Гаити пойтахти Порт-о-Пренс шаҳрида жиноий гуруҳлар ўртасида кечаётган қуролли тўқнашувлар туфайли одамлар хавфли ҳудудларни оммавий равишда тарк этишга мажбур бўлмоқда. Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳисоботи атиги уч ҳафта ичида пойтахт ва шу яқин атрофда яшайдиган 6000 дан кўп одам уйини ташлаб кетган.
БМТ маълумотига кўра, ўтган ҳафта қуролли гуруҳлар Порт-о-Пренсда 2024 йил февралдан буён мунтазам ўққа тутилиши сабаб ёпилган университет касалхонасига ўт қўйган. Мамлакат бўйлаб соғлиқни сақлаш муассасаларининг атиги 27 фоизи тўлиқ ишлаяпти.
Қуролли босқин оқибатида тахминан 4,2 миллион киши, жумладан аёллар ва болалар, бошқача айтганда Гаити аҳолисининг учдан бир қисми бу йил инсонпарварлик ёрдамига муҳтож ҳолатга тушган.
Куни кеча Барбадосда бўлиб ўтган Кариб ҳавзаси ҳамжамияти 48-Ҳукумат раҳбарлари йиғилишида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Гаитидаги “даҳшатли вазият” ҳақида гапираркан, минтақа етакчиларини тинчлик ва хавфсизлик учун кучларни бирлаштиришга чақирди.
Унинг қўшимча қилишича, қуролли зўравонлик ушбу давлат аҳолиси тинка-мадорини қуритмоқда, инсонларни чидаб бўлмас азоб-уқубат гирдобига дучор қилмоқда.
Бош котиб тез орада Хавфсизлик Кенгашига Гаитидаги вазият бўйича ҳисобот тақдим этишини маълум қилди. Мазкур ҳужжат, жумладан, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, инқирозни келтириб чиқараётган асосий омилларни аниқлаш ва бартараф этишда БМТнинг ўрнига оид таклифларни ҳам ўз ичига олади.
ХМТ эълон қилган янги маълумотда келтирилишича, Гаитида охирги ҳисоб-китобга кўра, 1 миллион 41 минг киши ички даражада кўчирилган. Уларнинг аксари бир неча марта жойини ўзгартиришга мажбур бўлган.
С.Раҳимов, ЎзА