Муносабат
Сўнгги йилларда минтақавий ва халқаро миқёсда туркий давлатлар ўртасидаги алоқалар янги, мустаҳкам ва стратегик босқичга кўтарилмоқда. Бунга Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар ҳамкорликнинг изчил тараққиёти яққол мисолдир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжоннинг Габала шаҳрида “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида бўлиб ўтган саммитдаги нутқи ана шу йўналишдаги ишларга янги суръат, мазмун ва стратегик руҳ бағишлади.
Жумладан, Президентимиз ўз нутқи аввалида дунёдаги мавжуд мураккаб геосиёсий вазиятга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, тинчлик, хавфсизлик ва адолат сингари умуминсоний қадриятлар жиддий синовлар қаршисида турибди. Ғазо секторидаги фожиа, Украинадаги уруш, Афғонистон муаммоси ва бошқа низолар нафақат халқлар ҳаётини издан чиқармоқда, балки туркий давлатларнинг хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Туркий давлатлар ҳамжиҳатликда хавфсизлик, терроризмга қарши кураш, экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш, ташқи сиёсатда мувофиқлашган ёндашувларни ишлаб чиқиши зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари Туркий давлатлар ташкилотининг қисқа вақт ичида нуфузли халқаро тузилмага айланганини алоҳида қайд этди. Давлатлар ўртасидаги сиёсий ишончнинг мустаҳкамланиши, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайиши, гуманитар алоқаларнинг жадаллашуви булар ТДТ фаолиятидаги катта ютуқлардир.
Бу жараённи институционал асосда мустаҳкамлаш учун Президент стратегик муҳим шартномалар, хусусан, Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги битимни имзолаш таклифини илгари сурди. Шунингдек, 2030 йилгача мўлжалланган ривожланиш стратегияси ва аниқ “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши таклиф этилди. Бу ташкилот фаолиятини тизимлаштириш ва унинг амалиётдаги самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Президентнинг нутқидаги энг муҳим йўналишлардан яна бири иқтисодий ҳамкорликка бағишланди. Янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш, савдо ва инвестиция муҳитини яхшилаш, саноат кооперациясини кучайтириш каби ташаббуслар ҳаммаси иқтисодий ривожланишни тарғиб қилишга қаратилган. Туркий давлатлар иқтисодий кенгашини тузиш, унинг лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштириш, Саноат альянси, “Туркий яшил йўлаклар” тизимини жорий қилиш, яшил энергетика ва трансформация консорциуми тузиш таклифларини берди. Ушбу ташаббуслар туркий давлатлар саноати ва энергетикасида узвий интеграцияни кучайтиришга хизмат қилади.
Айниқса, “хомашё – қайта ишлаш – илм-фан – маҳсулот” занжири асосидаги ҳамкорлик моделини жорий этиш ғояси стратегик ёндашув сифатида алоҳида эътиборга лойиқ.
Ҳеч кимга сир эмас, бугунги глобаллашув жараёнларида озиқ-овқат хавфсизлиги ва органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш барча минтақа ва давлатлар учун устувор йўналиш саналади. Президентимиз ўз нутқида органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари соҳасида туркий давлатлар дунё етакчиларига айланиши мумкинлигини таъкидлаб, бугунги кундаги 225 миллиард долларлик жаҳон органик бозорида ҳамкорликдаги иштирок ҳар бир давлат учун катта иқтисодий ва стратегик аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу боис, ягона “Туркий бренд” остида маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқариш каби амалий таклифлар берилди.
Ушбу ташаббуснинг узвий давоми бўлган ўрта коридорни ривожлантириш ташаббуси Хитойдан Европа бозорларигача чўзилувчи энг муҳим транспорт йўлагидир. Президент бу йўлакни рақобатбардош, самарали ва рақамлаштирилган тизимга айлантириш кераклигини алоҳида таъкидлади. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли, Трансафғон йўлаги билан боғлаш орқали бу коридорнинг аҳамияти янада ортади. Бу ташаббус нафақат логистика имкониятларини кенгайтиради, балки туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий интеграцияни кучайтиради.
Ёшлар орасида радикал мафкуралар тарқалишининг олдини олиш, исломофобияга қарши кураш, экологик билимларни кенгайтириш булар замонавий таҳдидларга қарши маърифат билан курашишни талаб этади. Шу боис, Президентимиз “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида бир қатор таклифлар билан чиқди. Айниқса, Алишер Навоий ва Низомий Ганжавийнинг юбилейлари муносабати билан халқаро конференция ўтказиш таклифи туркий маънавий бирлик ва умуминсоний қадриятларни улуғлашга қаратилган муҳим қадамдир.
Умуман олганда давлат раҳбарининг Габала саммитдаги нутқини нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун туркий дунёнинг яқин истиқболдаги тараққиёт йўналишларини белгилаб берадиган кенг қамровли сиёсий дастур дейиш мумкин. Унда халқаро вазиятга реал баҳо, хавфсизлик соҳасидаги таҳдидларга нисбатан аниқ ечимлар, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, таълим, фан, маданият ва ёшлар сиёсатидаги устувор йўналишлар аниқ белгиланган.
Эътиборлиси, бу нутқда билдирилган таклифлар сўзда эмас, амалдаги ҳамкорликни, фақат сиёсий баёнотлар эмас, балки қўшма лойиҳалар орқали амалга ошадиган туркий бирликни шакллантиришга қаратилгандир. Хусусан, иқтисодий ҳамкорликни институционаллаштириш, транспорт коридорларини ривожлантириш, янги технологиялар ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларидаги интеграция ташаббуслари келгусида ТДТни дунё миқёсида таъсирли геоиқтисодий марказга айлантириш имконини беради.
Шу билан бирга, маънавий яқинлик, маърифат ва илм-фан орқали туркий халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга ҳам давлат раҳбари ўз маърузасида алоҳида эътибор қаратди. Бу эса жаҳолат, экстремизм ва маданий парокандаликка қарши маърифат билан курашишнинг энг самарали йўлидир.
Хулоса қилиб айтганда, Габала саммитида илгари сурилган ғоялар ва қабул қилинган қарорлар нафақат Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини янги босқичга олиб чиқади, балки жаҳон ҳамжамияти учун ҳам тенг ҳуқуқли, манфаатдор ва ҳамжиҳат ҳамкор сифатида туркий мамлакатларнинг ўрнини мустаҳкамлайди.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
Юнсобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мудири,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси.
ЎзА