Футзал бўйича жаҳон чемпионати кубоги тақдимоти
Андижон шаҳридаги “Экопарк”да футзал бўйича жаҳон чемпионати кубоги тақдимоти – “Trophy tour” тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳамкорлигида Андижонда ташкил этилган кубок тақдимоти тадбирида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, минглаб футзал ишқибозлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
–Маълумки, жорий йилнинг 14 сентябрь – 6 октябрь кунлари мамлакатимизда футзал бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади, – дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Хусусан, Андижон шаҳрида ҳам мазкур жаҳон чемпионатининг гуруҳ ўйинлари ўтказилиши кўзда тутилган. Айни кунларда вилоятимизда мазкур мусобақаларни кўнгилдагидек ўтказиш учун зарур тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
“Trophy tour” тадбирида жаҳон чемпионати кубоги кенг жамоатчиликка намойиш этилди, шунингдек, чемпионат рамзи билан яқиндан таништирилди. Чемпионатнинг расмий рамзи сифатида куч ва мардлик тимсоли бўлган Турон йўлбарси танланган.
Тадбир иштирокчилари ташкилотчилар томонидан ташкил этилган қизиқарли ва кўнгилочар дастурлардан баҳраманд бўлишди.
Футзал мухлисларига жаҳон чемионати кубоги билан суратга тушиш имкони берилди.
[gallery-18678]
–Мамлакатимиз, хусусан, Андижонда футзал бўйича жаҳон чемионати ўтказилиши, чемпионат кубогининг намойиш этилиши Андижон учун тарихий воқеа, – дейди фахрий спорт журналисти Тўлқин Сиддиқов. –Ушбу тадбир шахсан менинг, қолаверса, минглаб футбол мухлислари қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Кубок тақдимоти – “Trophy tour” тадбири мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари