Футбол: жаҳон чемпионати даромад келтирадими?
Халқаро футбол федерацияси сайти ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда бир марта ўтказиш хусусидаги фикрларини чоп этди.
Инфантинонинг сўзларига кўра, бу формат биринчи циклдаёқ даромад келтиради. ФИФА раҳбарининг қайд этишича, ушбу масала мустақил экспертлар томонидан ўрганиб чиқилган. Турли ракурслардан кўриб чиқилган вазиятлар жаҳон чемпионати икки йилда бир марта ўтказилишига эришиш биринчи тўрт йиллик циклда қўшимча 4,4 миллиард доллар даромад келтиради.
Бу маблағ ФИФАга аъзо 211 миллий футбол ассоциациялари ўртасида тақсимланиши назарда тутилса, ФИФА аъзолари ўртасидаги иқтисодий тафовут қисқаришига, кўпроқ миллий терма жамоаларнинг жаҳон аренасида ўйнашига имконият яратади, деб ҳисобламоқда Жанни Инфантино.
Аммо, ушбу ғояга қарши бўлганлар икки йиллик чемпионат ишқибозларни футболдан бездиришга, футболчи ва жамоаларнинг ҳаддан ташқари толиқишига, дунё биринчилигидан ташқари ўтадиган клублар ўртасидаги ўйинлар, қитъавий чемпионатлар ва бошқа катта футбол тадбирларига бу фармат “соя ташлаб” қўйиши мумкинлигини рўкач қилишмоқда.
Бироқ, жаҳон футболида олиб борилаётган ислоҳотлар қай йўсинда давом этишини вақт кўрсатади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА