Андижонда “Андижон” футбол клубининг 60 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Андижон шаҳридаги “Бобур-арена”да “Андижон” футбол клуби ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси фахрийлари ўртасида куз ёмғири остида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашуви андижонлик футбол мухлислари қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Футбол шоуси юқори кўтаринкилик билан бошланди. Ўйин олдидан жорий йилда Ўзбекистон кубогини қўлга киритган “Андижон” клуби аъзолари стадионга чиқиб, жамоани доимий қўллаб-қувватлаётган мухлисларга миннатдорчилик билдирди, фахрийларга омад тилади.
Шундан сўнг мамлакатимиз футболи афсонаси Биродар Абдураимов мураббийлигидаги миллий терма жамоа аъзолари – Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Равшан Эрматов, ўз даврининг таниқли футболчилари Анвар Жабборов, Фарҳод Магомедов, Бахтиёр Ашурматов, Геннадий Денисов, Ғулом Ҳалимтоев, Леонид Кошелев, Сервер Жепаров, Азамат Абдураимов, Рустам Дўрмонов, Павел Соломин ҳамда “Андижон” клуби фахрийлари саф тортди. Шунингдек, андижонлик фахрийлар таркибида сўз усталари Валижон Шамсиев, Ғайрат Аҳмедов, икки карра олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ҳам ўйинда иштирок этди.
[gallery-20208]
Ўйин собиқ футбол ҳаками Муҳаммадқосим Тўхтасиновнинг ҳуштаги билан бошланди. Учрашувни фахрий футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев қизиқарли тарзда шарҳлаб борди.
Футбол шоусида “Андижон” клуби фахрийси Асқар Жадигеров ҳисобни очди. Шундан сўнг жамоалар рақиб дарвозасига қатор голлар киритди.
Ўйиннинг биринчи таймидан сўнг, танаффус пайтида ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга, меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.
Иккинчи тайм янада қизиқарли ўтди. Тенг курашлар остида ўтган учрашув 5:5 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган футбол шоуси Андижонда футболни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари