Фуқоралар йиғинида байрам шукуҳи
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз! Истиқлол — тақвимдаги оддий сана эмас. У халқнинг асрий орзулари, миллий ғурури, эркин ва фаровон ҳаёт сари ташлаган дадил қадамларини ўзида мужассам этган буюк қадриятдир. Шу боис Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги юртимизнинг барча ҳудудларида катта шодиёна, эзгу ният ва юксак кўтаринкилик билан нишонланмоқда.
Айниқса, бугунги байрамлар нафақат қўшиқ ва рақслар, балки инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшларга эътибор кўрсатиш, китоб ва маърифатни кенг тарғиб этиш каби эзгу амаллар билан уйғунлашаётгани билан аҳамиятли. Ана шундай файзли тадбирлардан бири Бухоро вилояти Жондор туманидаги “Пўлоти” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган тантанали маданий-маърифий тадбирда маҳалла фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар, бир сўз билан айтганда, турли авлод вакиллари бир мақсад — истиқлол неъматларига шукрона айтиш, Ватанга бўлган меҳр ва садоқатни янада мустаҳкамлаш мақсади атрофида жам бўлишди.
Байрам тадбирида янграган ҳар бир қўшиқ, айтилган ҳар бир шеър, ижро этилган ҳар бир рақсда юртга муҳаббат, тинчликка шукр ва эртанги кунга ишонч мужассам эди.

Айниқса, маҳалла аҳолиси ва болажонлар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар тадбирга ўзгача файз бағишлади. Болаларнинг беғубор куй-қўшиқлари, ранг-баранг рақслари ва самимий шеърлари катта-ю кичикка бирдек байрам кайфиятини улашди. Зеро, боланинг кулгиси бор хонадонда умид бор.
Тадбирнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири унинг ижтимоий аҳамиятга эга эзгу ташаббуслар билан уйғунлашганидир. Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, эҳтиёжманд оилалар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Байрам тадбири ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди.
Жондор туман ҳокимлиги ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир доирасида 50 нафар эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар фарзандларига янги ўқув йили арафасида мактаб формалари совға қилинди.
Бир қарашда бу — оддийгина мактаб формаси. Аммо унинг замирида бир боланинг қувончи, ота-онанинг кўнглидаги хотиржамлик, “Фарзандим бошқалардан кам эмас”, деган ишонч бор.

Маҳалла кутубхонаси ҳамда маҳалла ёшлари учун 100 дона бадиий ва маърифий китоблар жамланмаси туҳфа қилинди.
Фуқаролар йиғинида байрам муносабати билан амалга оширилган ушбу ташаббуслар нафақат бугунги кун қувончи, балки эртанги кунга йўналтирилган эзгу инвестициядир. Бундай тадбирларнинг яна бир муҳим жиҳати — одамларни бирлаштириши, маҳаллада меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашидир.

Нуронийлар дуоси, оналарнинг самимий табассуми, ёшларнинг шижоати ва болаларнинг қувончи бир майдонда уйғунлашганида маҳалла ҳақиқий аҳил оилага айланади.
Аслида, юрт тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана шундай бирдамликдан бошланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири