Фуқаронинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди
Қашқадарё вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиши ва даромад манбаини шакллантиришига кўмаклашиш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан эълон қилинган грант танлови доирасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилоят бўлими томонидан Қарши шаҳридаги “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаронинг бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳа амалга оширилди.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад фуқаронинг меҳнат фаолиятини йўлга қўйиши, даромад топиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ўзини ўзи банд қилишини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Белгиланган вазифалар ижроси доирасида фуқарога мустақил меҳнат фаолиятини бошлаши учун зарур техник воситалар олиб берилди. Бу эса унинг мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиши, касбий фаолиятини ривожлантириши ва келгусида барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун муҳим асос бўлади.

Мазкур лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва маҳаллаларда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири