Фуқаролик жамияти институтларининг роли ошмоқда
Мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш, таълим, тиббиёт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқаролар бандлигини таъминлаш каби муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда нафақат давлат органлари, балки ННТ, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ҳам муҳим рол ўйнамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаш ҳажмини йилдан-йилга босқичма-босқич ошириб бориш белгиланган.
Бугунги кунда Хоразм вилоятида 600 дан ортиқ ННТлар фаолият юритаётган бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, давлат органлари ва маҳаллий хокимликлар томонидан давлат гранти, ижтимоий буюртма ва субсидиялар орқали қўллаб-қувватланиб келинмоқда.

Шу орқали ННТларнинг ташаббуслари ва ижтимоий лойиҳалари рағбатлантирилиши уларнинг жамиятдаги ролини янада оширишга, давлат органлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантириш ҳамда ҳудудий муаммоларни ҳал қилишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, ўтган 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Халқ депутаталари Хоразм вилоят Кенгаши ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондлари томонидан эълон қилинган давлат гранти ва ижтимоий буюртма танловлари доирасида вилоятдаги 8 та ННТ ва 3 та МФЙнинг 1 миллиард 100 миллион сўмлик лойиҳалари молиялаштирилган.
Меҳнат гули маҳалласидаги “Ишсиз аҳолини касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка жалб қилишга кўмаклашиш” лойиҳаси, Гулзор маҳалласидаги "Маҳаллам обод, кўркам, тинч ва фаровон" лойиҳаси ва Хонқа туманидаги Олчин маҳалласининг “Маҳаллада яшил иқтисодиётга ўтишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳалари шулар жумласидандир.
Мазур лойиҳалар натижасида маҳалланинг 200 нафардан ортиқ ишсиз аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлиги таъминланган, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, кузатув камералари ва муқобил энергия воситаларида ишловчи тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиб фуқароларга қулай ва хавфсиз муҳит яратишга кўмаклашилган.
Маҳаллалардаги бу каби ижобий лойиҳалар 2025 йилда ҳам давом эттирилиб, маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда вилоятдаги ННТлар томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди ва унинг Хоразм вилояти бўлинмаси томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофаза ва соғлиқни сақлаш, атроф муҳит ва санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш, таълим, маданият ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, коррупцияга қарши курашиш каби йўналишларда эълон қилинган грант танловларига вилоятдаги мавжуд фуқаролик жамияти институтлари томонидан 61 та лойиҳа хужжатлари топширилган. Лойиҳаларнинг 55 фози нодавлат нотижорат ташкилотлари, 38 фоизи маҳалла фуқаролари йиғинлари ва 5 фоизи оммавий ахборот воситалари томонидан тақдим этилган. Танлов натижаларига кўра ижтимоий аҳамиятга молик жами 11 та йўналиш бўйича 12 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларни молиялаштиришга 1 миллиард 260 миллион сўм маблағ ажратилди.
Ғолиб бўлган лойиҳалар вилоятнинг турли маҳаллаларидаги аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар– спорт майдончалари қуриш,томорқадан унумли фойдаланишга кўмаклашиш, Қўшкўпир, Хива, Ҳазорасп, Урганч, Янгибозор туманларидаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича оқова сув таъминотини яхшилаш, кўприк таъмирлаш ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларнинг соғлиғини тиклашга кўмаклашиш каби масалаларнинг ечимига қаратилган.
Мазкур лойиҳалар натижасида вилоятдаги 6 та маҳалланинг 2000 нафарга яқин аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминиши, 1100 дан ортиқ хонадонга оқова сув етказилиб томорқа ерларидан даромад олиши, 10 нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар соғлиғи тикланиши, 2 та маҳаллада аҳолининг спорт билан доимий шуғулланиши ҳамда хавфсиз инфратузилма шароитларини яхшилашга эришилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур жараёнларда маҳаллаларнинг бевосита иштироки уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлаш, фуқароларда маҳалла тизимига бўлган ишончни янада оширишга ҳамда аҳолининг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга хизмат қилади.
Санжарбек ТАНГРИБЕРГЕНОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Хоразм вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА