
Ҳар кимнинг ҳам ўз Ватани, шу Ватаннинг фарзанди эканини тасдиқловчи паспорти – шаҳодати бўлсин экан. Телевидениеда кўрсатилган бир манзара юракни ларзага солди. Вайронага айланган Ғазони ташлаб чиққан миллионга яқин фаластинликлар ўт очишни тўхтатиш сулҳи имзолангач, ўша вайронага айланган шаҳар-қишлоқларига – на бошпана, на сув, электр, юргани йўл бўлмаган вайронага қайтдилар. Чунки ўша вайрона уларнинг Ватани эди. Уларнинг кўксида шу Ватан фуқароси эканини тасдиқловчи шаҳодатномаси бор эди.
Давлат сиёсати деб аталмиш замонанинг зайли билан минглаб инсонлар ўз вақтида доимий яшаш жойи фуқаролигига эриша олмади. Ҳолбуки, уларнинг бири қўшни давлатга келин бўлиб тушган, бошқаси эса ана шундай оилада дунёга келган. Ўн, йигирма, ўттиз, ҳатто ундан кўпроқ йиллар ўтсада, ўзи ватаним деб билган давлатнинг фуқароси экани эътироф этилмади. Ниҳоят, 2016 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли уларнинг Ўзбекистонда тенг ҳуқуқда яшаш, ўз уйида доимий рўйхатдан ўтиш орзулари амалга ошди. Агар 2016 йилдан буён мамлакатимиз ҳудудида доимий истиқомат жойига эга бўлган 25 мингдан зиёд фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бўлса, уларнинг 3432 нафари Фарғона вилоятидан эди. Бугун яна 20 нафар ана шундай шахсларга Фарғона вилоятининг ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи паспортларни тантанали равишда топширди.
[gallery-22521]
– Мен асли қўшни Қирғиз Республикаси Ўш вилоятининг Қадамжой шаҳрида туғилиб ўсганман, – дейди кўзи қувонч ёшларига тўлган Умида Бурхонова. – 1996 йилда Фарғона туманига турмушга чиқдим. Лекин, мана 29 йилдирки, фуқаролик паспортига эга эмас эдим. Ҳолбуки, шу ердаги тўқимачилик корхонасида узоқ йиллардан бери ишлайман, учта фарзандим бор. Бугун эзгу орзуларим амалга ошди. Мен шу Ватан фуқаролигига қабул қилиндим.
– Ота-онам Тожикистондан Қувасойга келиб яшаб ишлаганлар. Мен шу ерда туғилиб вояга етдим, – дейди Жавоҳир Ҳакимов. – Ҳозир автотранспорт ҳайдовчиси бўлиб ишлайман. Ўзбекистон фуқаролиги паспортига эга бўлиш орзуим эди. Бугун менга ҳам шундай мақом берилди. Ҳаётимдаги энг бахтли кунларимдан бири – бугундир.
Инсон ҳуқуқларини эътироф этиш инсонни қадрлашнинг энг олий кўринишидир. Бугун қўлига Ўзбекистон фуқаролиги паспортини олганлар шу гапни қайта- қайта такрорладилар.
Муҳаммаджон Обидов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА