Фуқароларга ногиронлик пенсиясини тайинлаш тартиби соддалаштирилади
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия тайинлаш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қонун билан фуқароларга нисбатан ногиронлик белгиланганда улардан мурожаат талаб этилмаган ҳолда (проактив шаклда) пенсия тайинланиши белгиланмоқда.

Ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин фуқаро камида бир йил иш стажига эга бўлганда тайинланадиган пенсия миқдори ҳар икки йилда бир маротаба фуқародан мурожаат талаб этилмаган ҳолда (проактив шаклда) қайта ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.

Қонунчиликка чегирмалар қилинганидан кейин тўланадиган пенсия миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслигини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар ушбу ўзгартиришлар фуқароларга ногиронлик пенсиясини тайинлаш тартибини соддалаштириш ва уларга ушбу соҳада кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Қонунни навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА