"Фуқароларга кафолатли пенсия тизимини яратиш"
Урганчда ана шу мавзуда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, палатанинг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари, Республика бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган Хоразм вилоят маҳаллий Кенгашлари депутатлари, вилояти пенсия жарғармаси, мазкур йўналишдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида семинар ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар кўмитаси аъзолари О.Тожиев, А. Исмоилов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда фуқароларга кафолатли пенсия таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, кафолатли пенсия тизимини яратишда амалга оширилган ишлар ва тизимни ислоҳ қилиш бўйича келгусида режалаштирилган чора-тадбирлар, шунингдек “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни”нинг Хоразм вилоятидаги ижроси ҳақида маълумотлар берди.
[gallery-25589]
Ҳар қандай ижтимоий давлатнинг асосий вазифаларидан бири – фуқароларнинг кексайган чоғида муносиб ҳаёт кечириши учун шароит яратишдир. Бу эса, энг аввало, адолатли ва кафолатли пенсия тизимини шакллантиришни тақозо этади.
– Ҳозирги глобал иқтисодий ўзгаришлар, демографик динамика ва меҳнат бозоридаги трансформациялар нафақат ривожланаётган, балки ривожланган давлатларда ҳам пенсия тизимини қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар кўмитаси аъзоси Адҳамбек Исмоилов. –Мамлакатимизда пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қариялар ва кекса ёшдагиларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Зеро, фуқароларга кафолатли пенсия тизимини яратиш адолатли ижтимоий давлат сари муҳим қадамдир.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган мавзулар юзасидан саволларига атрофлича жавоблар олдилар.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари