Фуқаролар яшаш ҳуқуқининг кафолатлари
Конституциянинг фуқаролар қонун олдида тенглиги ҳақидаги қоидаси миллий ҳуқуқ соҳаларида тамойил даражасида эътироф этилади ва янада такомиллаштирилган ҳолда баён қилинади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 272-моддасида “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш барча фуқароларнинг жинси, ижтимоий келиб чиқиши, шахсий ва ижтимоий мавқеи, ирқи, миллати, тили, дини ва эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида ва шу ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) олдида тенглиги асосида кўриб чиқилади”, деб белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 16-моддасида эса, жиноят ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади, тарзида баён қилинган. Бу каби қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 8-моддасида, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 9-моддасида, Иқтисодий процессуал кодексининг 7-моддасида ҳам белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 5-моддасида ҳам фуқароларнинг қонун олдида тенглиги принципи белгиланган бўлиб, унга кўра, жиноят содир этган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар.
Булардан ташқари, қонун ҳужжатларида ҳам муайян муносабат иштирокчиларининг тенг тенг ҳуқуқ ва эркинликлар берилганлиги хусусида қоидалар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва халқаро ҳужжатларда белгиланган фуқароларнинг қонун олдида тенглиги қоидасини бузиш ҳуқуқий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади, ҳаттоки фуқароларнинг қонун олдида тенглигига дахл қилиш жиноят сифатида таъқиб қилинади. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141-моддаси «Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш» деб номланган бўлиб, унга кўра, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита бузиш ёки чеклаш ёхуд фуқароларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қонунда ва халқаро шартномаларда кўрсатилган ҳоллардан (истиснолардан) ташқари барча чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тенг ҳуқуқ ва эркинликлар беради ва уларни кафолатлайди.
Мазкур норма фуқароларнинг тенглик қонун олдида тенгилигини бузиш деб талқин қилинмаслиги учун қонунчиликдаги имтиёзлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги қоидани назарда тутади.
Қонунчиликда ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятини тўлиқ яратиш мақсадида, турли сабабларга кўра, ўз манфаати ва ҳуқуқларини лозим даражада ҳимоя қила олмайдиган баъзи шахсларга ёки жамият айрим вазифаларини бажарувчи аъзоларига қўшимча имтиёзларни назарда тутилади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун бундай имтиёзлар учун уларнинг фақат қонун билан белгиланиши ва ижтимоий адолат принципларига асосланиши муҳим шартлар ҳисобланади. Қонунчиликда айрим фуқароларга ёки айрим инсонлар гуруҳига берилган имтиёзлар фуқароларни фарқлаш деб тушунилмаслиги лозим.
Бундай имтиёзларнни миллий қонунчилигимиздаги турли ҳуқуқий манбаларда учратиш мумкин. Кам таъминланганлар ва ногиронларга бериладиган итимоий қўмаклар ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси аёлларга, вояга етмаганларга ва олтмиш ёшдан ошган инсонларга нисбатан тайинланмаслиги ёхуд ишга қабул қилинаётганда ҳомиладор аёлларга нисбатан дастлабки синов белгиланмаслиги ва бошқа шу каби фуқароларнинг қонун олдида тенгсизлиги деб қаралмаслиги лозим.
И.Режаметова
Жамоат хавфсизлиги университети доценти