Фуқаролар ишончи – адлия фаолияти мезони
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳар адлия бўлими томонидан жорий йилнинг январь–август ойларида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, маҳаллий журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбирда адлия бўлими бошлиғи Сафарбой Тоғаев ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, асосий кўрсаткичлар ҳамда аҳолига яқиндан кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Маълумотларга кўра, 8 ой мобайнида бўлимга келиб тушган 18 минг 271 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 12 минг 131 таси қаноатлантирилган. Шу билан бирга, аҳолига 56 минг 410 та давлат хизмати кўрсатилган. Бўлим томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар сони эса 221 тани ташкил этди.
Аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга ёрдам бериш мақсадида "уйма-уй" юриш усулида 10 минг 411 та хонадонда ўрганиш ишлари олиб борилиб, 9 минг 417 та ҳуқуқий муаммо аниқланиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими (ФҲДЁ) йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилган. Хусусан, ҳисобот даврида 2 634 та туғилиш, 1 424 та никоҳ, 270 та никоҳдан ажралиш ва 595 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Шунингдек, аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жойларда ҳуқуқий маслаҳат кунлари ўтказилди, мактаб ва коллеж ўқувчилари билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди, турли мавзуларда семинар ва учрашувлар ўтказилди.

Жамоатчилик билан мулоқотнинг самарали шакллари йўлга қўйилиб, ижтимоий тармоқлар орқали аҳолидан келиб тушган саволларга жавоб бериш, ҳуқуқий маслаҳатлар тақдим этиш амалиёти кенгайтирилди. Бу эса аҳоли ва адлия тизими ўртасида очиқ ва ишончли муносабатларни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Сафарбой Тоғаев ўз сўзида қуйидагиларни таъкидлади:
– Фуқаролар ишончи – бизнинг фаолиятимиздаги энг муҳим мезон. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, ҳаётий эҳтиёжи туради. Шу боис, адлия тизими хизматларини янада шаффоф, тезкор ва халқчил қилишга интиляпмиз, – деди у.

Анжуманда ҳисобот натижалари билан бирга ҳуқуқий тарғибот ва аҳолига хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилган янгича ёндашувлар ҳам тилга олинди. Шунингдек, келгусида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат хизматларини янада шаффоф ва сифатли бажариш, мурожаатларга тезкор ечим топиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Ғулом Примов, ЎзА