Фронторти меҳнат фахрийлари шарафланди
Хотира ва қадрлаш куни қадриятларимиз саҳифасида ўзининг муносиб ўрнига эга. Бу сана ўтмишу келажак ва бугунимиз ўзаро учрашадиган муқаддас нуқтадир. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз аҳли бу ҳаяжонли лаҳзаларни пухта тараддуд, ўзгача тайёргарлик билан кутиб олаётгани бежиз эмас.
Нафақат марказда, балки олис сарҳадларда ҳам байрам шукуҳи кезаяпти. Куни кеча Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги фронторти меҳнат фаҳрийларининг муносиб шарафлангани бунинг яққол мисолидир.Уруш йилларида меҳнат фронтида мислсиз фидойилик кўрсатган, ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган қўшработлик 22 нафар нуроний отахон ва онахон Президент фармонига биноан таъсис этилган “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан тақдирланди.
Мукофотланганларнинг аксарияти айни чоқда 100 ёшни қаршилаётган мўътабар кексалардир. Бинобарин, уруш йилларида фронт ортидаги барча ишлар балоғатга етмаган ёшлар ва ўсмирлар, хотин-қизларга қолган эди. Қурол ушлашга қодир бўлган эркакларнинг бари урушга сафарбар қилинган кезда фронтга жанговар техника, қурол-яроғ, ўқ-дори ва озиқ-овқат етказиб бериш шулар зиммасига тушган. Шу нуқтаи назардан қаралса, бу авлоднинг ғалабага қўшган ҳиссаси ва аҳамияти бутун бўй-басти билан кўринади.
–Уруш йиллари 16 ёшда эдим,– деб эслайди Бойтўп фуқаролар йиғинида яшовчи 97 ёшли нуроний отахон Ҳамро ҳожи Суяров.– Мендан катта ёшдаги қишлоқдошларим урушга кетишди, мен эса тракторчи бўлдим. Кечаю кундуз ишлар эдик, чунки ер майдони кўп, трактор эса икки дона эди, холос. Ҳосилот бошимизда назоратчи, бир-икки соатгина мизғиб олардик. Биз етиштирган ғалла пайдар-пай жўнатиларди. Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса Ғалаба учун, деган шиор ҳамон ёдимда турибди. Ўша кезларда кўрган -кечирган қийинчиликларимиз роҳатини энди кўряпмиз, Юртбошимизга беадад раҳматлар айтамиз!
–Мен ўроқчи бўлганман, буғдой ўрардик,– дейди Майинтепа фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 96 ёшли Наҳал момо Синдорова мукофот билан табриклашга келган меҳмонларга эсдаликларини сўзлар экан. – Қийинчиликни биз кўрдик, илоҳим сизлар кўрманглар...
Онахоннинг ёши улуғ бўлсада, ҳали сўзлари аниқ, фикрлаши тиниқ.Урушдан кейинги йилларда 10 фарзандни вояга етказиб “Қаҳрамон она” унвонига сазовор бўлган. Бугунги дориломон кунлар ва фарзандлари камолидан боши осмонда.
Саксон йил илгари Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида қилинган меҳнатнинг бугунги кунда қадр топиши ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмаслигининг намунасидир. Қўшработ туманида нуроний отахон ва онахонларга эсдалик юбилей медаллари ва пул мукофотларини тантанали топшириш чоғида маҳаллий ҳокимият ва нуронийлар ташкилоти расмийлари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Суратларда: “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медали соҳиби Ҳамро ҳожи Суяров. “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медали соҳиби, “Қаҳрамон она” Наҳал Синдорова.
Норбобо Шакаров, ЎзА