Фронтга пода ҳайдаб борган конимехликлар
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабада ўзбекистонлик жангчиларнинг, фронторти саноат ва қишлоқ хўжалиги тизимида тинимсиз ишлаган меҳнаткашларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабада ўзбекистонлик жангчиларнинг, фронторти саноат ва қишлоқ хўжалиги тизимида тинимсиз ишлаган меҳнаткашларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор. Жумладан, Навоий вилояти Конимех тумани аҳолисининг ҳам ўзига хос ўрни бўлган.
1941 йил 22 июнь куни уруш бошлангани ҳақидаги совуқ хабар бир зумда Конимех туманининг олис чўл ҳудудларидаги чорвачилик овулларига ҳам етиб борди. Конимехлик йигитлар ҳеч ўйлаб ўтирмай эл-юрт номуси, шон-шарафи учун жангга отланди. Елтой овулида яшовчи Аловиддин Хўжамқуловнинг хотирлашича, бўз йигитлар машина йўқлиги учун гоҳ яёв, гоҳ туяда аввал Нуротада тўпланиб, кейин Кармана темир йўл станциясидан жанг майдонларига қараб йўл олган. Конимехлик 3786 йигит Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган. Уларнинг 413 нафари қаҳрамонларча ҳалок бўлган, 1500 нафари бедарак йўқолган, аксарияти ярадор бўлиб қайтган.
Конимехлик Ислом Мамараимов, Нағимбет Қизтуғанов, Нуртоза Уринбетов, Жубатқан Сарбаев, Баймурат Таубоев, Рахман Ўнғарбаев, Ғани Бедебаев, Буқарбай Хўжахметов, Қудабой Қанатов, Арал Нарзиев, Байзақ Сарсенбоев, Махамбет Тўрабеков, Ақназар Омаров, Солиҳ Каримов, Намоз Очилов, Мустафо Нормуродов, Оспан Мирзалиев, Мунсар Муратов, Бисен Бахтибаев, Берди Усенов, Нарзулла Очилов, Абди Шангитбаевлар кўрсатган қаҳрамонликлари учун юксак унвонлар билан тақдирланган.
Конимехликлар кўрсатган қаҳрамонликлар ҳақида кўп гапириш мумкин. 1941 йил Казельск остонасида конимехлик сержант Жақип Бўлекбаев пулемёт билан фашистларнинг полкига катта қирон келтиради. Ярадор ҳолида ҳам охирги кучини тўплаб, немис қўшинига зарба беришда давом этади. Фурсатдан фойдаланган бизникилар янги марраларга йўл олади. 1942 йил 11 августда Жуково қишлоғи учун жангда немислар Ока дарёси бўйлаб 10 километрга чекинишга мажбур бўлади. Бу жангларда конимехлик Нағимбет Қизтуғанов катта жасорат кўрсатиб, “Қизил Юлдуз” ордени билан тақдирланади. Жўрақул Андаевнинг Беларусь, Украина, Польшани озод қилишдаги хизматлари ҳамон унутилгани йўқ. Отахон 2010 йили Ғалаба байрамининг 65 йиллиги арафасида Беларусь Президенти А.Лукашенконинг имзоси билан “Беларусь озод қилинишининг 65 йиллиги”, 2015 йили “Беларусь озод қилинишининг 70 йиллиги” фахрий ёрлиғи ва медали билан тақдирланиши бунга ёрқин мисол бўлади.

Таъкидлаганимиздек, ғалабага эришишда конимехликларнинг фронт ортидаги муносиб ҳиссасини ҳам эътироф этиш жоиз. Уруш даврида аёллар болалар кўмагида қўш ҳайдаб, ер ағдарган, текислаган, турли экинлар эккан. Ҳатто 13-14 ёшли қизлар ҳам ҳар куни далада 12 соатлаб оғир меҳнат қилишга мажбур эди. Бироқ ишчи кучи барибир етишмаган.
Фронт ортида машаққатли, оғир меҳнат қилаётган, колхозда куну тун ишлаётган аёллар олган маошига рўзғорини таъминлай олмаган. 84 ёшли Жўрабой Жумаевнинг хотирлашича, онаси колхоз ишидан ташқари қўл тегирмонида ун чиқариб, кулча нон қилиб сотган. Ўзлари нон сотишига қарамасдан бу оила фарзандлари тўйиб нон емаган. Чунки, сотилган ноннинг пули рўзғор камчиликларидан сира ортмас эди.
Сарибел овулида яшовчи Манибек Абдиқодировнинг бувиси Жамол Алишбековадан эшитганини айтишича, йўқчилик туфайли одамлар каламушлар инларини кавлаб, жониворлар йиққан донларни териб олишга мажбур бўлган.
Шу йилларда зотдор қўйларни кўпайтиришга алоҳида эътибор берилган. Шапек Кузембаев, Москва чарм мўйначилик институтини битирган зоотехник Нина Баринова бошчилигида осеменатор – техник ходимларни тайёрлаш курси ташкил этилади. Бу курс молларни сунъий уруғлантириш учун кадрлар тайёрлаган. Шапек Кузембаев, Нина Баринова чамалаганидек қилинган ишлар натижасида жасади катта, оёғи, бўйни узун, танаси чўзиқ, кўкраги кенг, жун қавати қалин зотдор қўйлар кўпайган. Қирқим пайтида қўчқордан 4,5 кило жун олинган, семизи 75-85 кило гўшт берган.
Албатта, биринчи эътибор фронтга қаратилган. Фронт таъминотини мустаҳкамлаш мақсадида колхоз аёлларидан иборат гуруҳлар тузилиб, улар дашт, қир ва адирлардаги тошбақаларни терган. Тўпланган тошбақалар тозаланиб, гўшти фронтга жўнатилган, боғдорчилик билан шуғулланувчи колхозлар узумдан шинни тайёрлаб юборган.
Туманнинг Қизилқум чўлларида яшовчи аҳоли қўй сутидан сариёғ, бринза, қурт каби маҳсулотларни тайёрлаб уруш майдонларига жўнатган. 1942 йил февралда Қизилқум саҳросида Хўжамқул Ботир, Каримбой Мерган, Суюндик, Тоирбек, Қуларис, Бекарис каби фидойилар 150 дона қопқон билан Қоратоғ тизмалари, ҳозирги Томди, Учқудуқ туманлари ва Амударё бўйлаб Тиксаут тўқайзорларида ов қилиб, ўлжадан чиққан гўштни фронтга берган.
Душман зулмидан озод қилинган Украина, Беларусь, Россиянинг ғарбий туманларини қайта тиклаш учун 1943 йил охирларида 100 мингдан ортиқ, 1944 йил ўрталарида эса қарийб 150 минг қоракўл қўй ва эчки юборилади. Дастлаб чорва моллари вагонда, пароходда етказилган. Лекин бу усул яхши самара бермади. Шунда ота-боболаримиз қадимий тажрибани қўллаб, молларни кеча-кундуз боқиб, дашт, чўл, яйловлар билан ҳайдаб манзилга етказган.
Улар Қизилқум чўлларидан ўтади, Амударёни ёқалаб, Борса-келмас даштлари ва Волга дарёсини кечиб, Қалмиқ ерларига қадам қўяди, сўнгги манзил – Россиянинг белгиланган туманларигача бўлган масофани пиёда босиб ўтади. Сафар иштирокчилари баҳор, ёз, куз, қиш демай, ёмғир, қор-қиров, иссиқ-совуқ кунларда ҳам сарҳадсиз дашту биёбонлардан қўним топади. Уст-бошлари юпун, гоҳ тўқ, гоҳ оч ҳолда йўл юриб, қарийб ўн уч ой деганда етиб борган. Оғир, узоқ давом этган йўл азобларидан омон қайтмай, ўзга юртларда охират манзилини топганлар ҳам бўлган. Ана шу олис манзилга пода билан юриш сафари икки марта уюштирилди. Уни бажариш “Конимех”, “Нурота”, “Қизилча”, “Томди” каби хўжаликларнинг асл меҳнаткаш, мард чўпонлари зиммасига тушди.
Ўша кезларда чорвадорларнинг шароити анча оғир бўлган. Баъзи фермалар бошқарувсиз қолган, чорва билан шуғулланиш қариялар ва аёллар зиммасига тушган эди. Чорва моллари учун сув қудуқлардан икки хил йўл – туя ҳамда шамол кучи билан чиқарилган. Шамол бўлмаса бир челак сув олиб бўлмаган. Бундай шароитда қўйларни 15-20 километр узоқликдаги қудуққа ҳайдаб бориш керак эди. Чанқаган қўй-эчкилар ҳайдаганга кўнмай, ўзи сув ичиб ўрганган қудуқдан узоқлашиши билан ярим йўлга борганда орқага қараб қочиб кетарди. Аёллар ёш болалари билан яна минг бир қийинчиликлар билан иккинчи бир қудуққа сурувни олиб боргани билан бу ерда ҳам иш осон кўчмаган...
Йил давомида етиштирилган ҳосил фронтга жўнатилгани боис чўл ҳудудларига кўп ҳолларда дон маҳсулотлари етказиб берилмаган. Йил оғир келган вақтларда чўл аҳолиси қирилиб кетмаслиги учун кепак ва кунжара тарқатилган. Шу тариқа одамлар кепак ва кунжара аралашмасидан қотирма пишириб кун кечирган.
Хулоса қилиб айтганда, уруш йилларида машаққатли меҳнат ва азобу уқубатдан бошқа нарсани кўрмаган одамларнинг кўпчилиги қийналиб жон берди. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ота-боболаримиз мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар ва талафотлар ҳисобига бутун инсоният бошига тушган офатни бартараф қилишга улкан ҳисса қўшиб, жаҳон тарихида ўчмас из қолдирди.
Жонибек МУСТАФОЕВ,
Навоий давлат педагогика институти
катта ўқитувчиси.