Францияда ёнғин сабабли мусобақа бекор қилиниши мумкин
Франция жануби-ғарбидаги Шарқий Пиреней департаментида юз берган йирик ўрмон ёнғини 1500 гектардан зиёд майдонни қамраб олди.
Табиий офат туфайли дунёга машҳур велопойганинг навбатдаги босқичи бекор қилиниши хавфи юзага келди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маҳаллий префект Пьер Рено маълум қилишича, олов қарийб 18 километрга чўзилган. Тилсиз ёвни бартараф этиш учун зудлик билан 700 нафарга яқин қутқарувчи, 200 махсус транспорт воситаси ҳамда 9 самолёт ва вертолёт сафарбар этилди. Ёнғин якшанба оқшоми Тривеллас коммунаси яқинида кескин кучайиб, бир неча соат ичида 900 гектар жойга тарқалган.
Таъкидланишича, ҳудуддаги кучли шамол ва мураккаб тоғли рельеф ўт ўчирувчилар ишини қийинлаштирган. Шу боис оловни тўлиқ жиловлаш имкони бўлмаяпти. Мураккаб вазият туфайли расмийлар кун якунига қадар шу ҳудуддан ўтадиган “Тур де Франс” мусобақасини вақтинча тўхтатиш масаласини кўриб чиқяпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА