Франция Нигердан сўнгги ҳарбийларини чиқаради
Террорчиликка қарши кураш мақсадида Нигерда бўлиб турган Франциянинг сўнгги аскари жума куни мамлакатни тарк этади. 1,5 минглик француз контингентини олиб чиқиш амалиёти октябрда бошланган эди.
Француз ҳарбийларининг Нигерда бўлиши икки мамлакат ўртасида имзоланган бир қатор ҳарбий келишувлар орқали мувофиқлаштириб борилади. 2022 йилда Президент Муҳаммад Базум франциялик аскарлар Малидин олиб чиқилгандан кейин террорчилик ўчоқларига барҳам бериш мақсадида Нигер ғарбига қўшимча контингент жойлаштиришни сўраб мурожаат қилганди.
Жорий йил 26 июлда Нигерда Президент гвардиясидан бир гуруҳ ҳарбийлар исён кўтариб, Президент Базумнинг ҳокимиятдан четлаштирилгани ҳақида эълон қилди. Мамлакатни бошқариш учун гвардия қўмондони Абдураҳмон Тчиани раҳбарлигида Ватанни ҳимоя қилиш бўйича миллий кенгаш шакллантирилди. 10 августда Тчиани ўтиш даври ҳукуматини тузишга фармон чиқарди.