Фракция раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифини Беруний туманидан бошлади
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятовнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифининг илк манзили Беруний тумани бўлди.
Дастлаб, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлган, “Райҳон Аппарел” экспортёр фабрикаси фаолияти билан танишди. Ушбу фабрикада 450 нафар хотин-қиз доимий иш билан банд бўлиб, корхонада барча ишлар замонавий, чет эл технологияси асосида жиҳозланган. Тайёр трикотаж маҳсулотлари Россия Федерациясига экспорт қилинади. Туман иқтисодиётининг ривожига ва аҳолини иш билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган фабрикада ишчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Ташриф давомида Улуғбек Иноятов корхона ишчилари билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг меҳнат фаолияти, яратилган шарт-шароитлар ва келгусидаги режалар билан қизиқди. Сўнгра тумандаги маҳаллалар фаолиятини ўрганиб, аҳоли билан очиқ мулоқот қилди. Шунингдек, "Мустақиллик" маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги”нинг фаолиятини ўрганди. Шу ерда сайловчилар ва ҳудуд нуронийлари билан учрашди.

Очиқ мулоқот давомида маҳаллада аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” фаолияти самарадорлигини янада ошириш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳудудларда самарали амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Туман марказидан анча олисда жойлашган ушбу Мустақиллик маҳалласида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Сайёра Имамова ташаббуси билан 2,3 километр узунликда пиёдалар йўлакчасини қуриш учун 1 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилди. Мазкур ташаббус маҳалла аҳолиси томонидан йиллар давомида билдириб келинган мурожаатларнинг ижобий ҳал этилишида муҳим қадам бўлди. Натижада маҳалла ҳудудида жойлашган 28- ва 42-сонли умумий ўрта таълим мактабларига қатновчи ўқувчилар, шунингдек, аҳолининг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароит яратилади.
Албатта, бу лойиҳалар давлатимиз Мустақиллигининг 35 йиллигига ҳудуд аҳолиси учун муносиб совға бўлди. Бу эса халқимизнинг бугунидан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаши билан аҳамиятлидир.
Тадбирлар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари У.Иноятовга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси С.Имамова ва Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Х.Ешимбетов ҳамроҳлик қилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири