Фойдаланилмаётган ерлар яна қишлоқ хўжалигига қайтарилади
Боёвут туманида фойдаланишдан чиққан, бўш турган ва экин экилмаётган 3 500 гектардан ортиқ ер майдони қайта ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги муомаласига киритилади. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Боёвут туманида мазкур ер майдонларини қайта ўзлаштиришга қаратилган лойиҳа тақдимотида маълум қилди.
Тақдимотда ҳар бир ер майдонининг ҳолати алоҳида ўрганилиб, унинг сув манбаларига яқинлиги, тупроқ хусусиятлари ва шўрланиш даражаси таҳлил қилинди. Шу асосда майдонларга мос экин турларини жойлаштириш, ерларни текислаш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда сув таъминотини барқарорлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Айниқса, ўртача шўрланган майдонларни қайта ўзлаштиришда агротехник тадбирларни тўғри ташкил этиш, сувдан тежамкор фойдаланиш ва тупроқ унумдорлигини тиклаш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Бу борада сув тежовчи технологияларни жорий этиш, замонавий суғориш усулларидан фойдаланиш ва ерга ишлов беришнинг самарали усулларини қўллашга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Сирдарё шароитида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Вилоятда фойдаланишдан чиққан ерларни қайта қишлоқ хўжалиги муомаласига киритиш бўйича аввал ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш, сув етиб бормайдиган ҳудудларда қўшимча инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Янги лойиҳа доирасида эса майдонларни босқичма-босқич ўзлаштириш, уларни экин экишга тайёрлаш ва ҳар бир гектардан юқори самара олиш имкониятлари муҳокама қилинди.
— Лойиҳа амалга оширилиши натижасида Боёвут туманида 3 500 гектардан ортиқ фойдаланилмаётган ер қайта қишлоқ хўжалиги муомаласига киритилади. Бу экин майдонларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ҳамда мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиш учун қўшимча имконият яратади. Қайта ўзлаштирилаётган майдонларда экин турлари ернинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда жойлаштирилади. Бу эса сув таъминоти ва тупроқ таркибига мос экинларни танлаш орқали нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки сув ва бошқа ресурслар сарфини мақбуллаштириш имконини беради, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Аброр Хидиров.

Муҳокамада вилоят ва туман мутасаддилари, соҳа мутахассислари ҳамда тажрибали хорижий маслаҳатчилар иштирок этди. Улар томонидан ерларни қайта ўзлаштиришда замонавий ёндашувлардан фойдаланиш, мелиоратив тадбирларни манзилли ташкил этиш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Сирдарёда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масаласи бугун айниқса долзарб. Вилоятда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув таъминотини барқарорлаштириш ва замонавий суғориш технологияларини жорий этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Масъулларга лойиҳада белгиланган ҳар бир майдон бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш, ерларни тайёрлаш ишларини сифатли ташкил этиш, сув таъминотини яхшилаш ва ўзлаштириш жараёнини белгиланган муддатларда якунлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Энг муҳими, бу жараёнда фақат ер майдонларини қайта экин экишга киритиш эмас, балки уларнинг узоқ муддатли унумдорлигини таъминлаш, сувдан оқилона фойдаланиш ва ҳар бир гектардан барқарор иқтисодий самара олишга эътибор қаратилади.
Боёвутдаги 3 500 гектардан ортиқ ернинг қайта фойдаланишга киритилиши ҳудуднинг аграр салоҳиятини янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ошириш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш йўлидаги амалий қадам бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири