Фоторассомлар ва ҳаваскор фотографлар кўргазмаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тошкент Фотосуратлар уйининг 20 йиллигига бағишлаб, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фоторассомлар шўъбаси аъзоларининг ҳисобот ва ҳаваскор фотографлар қўшма кўргазмаси очилди.
Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, санъат усталари, таниқли фоторассомлар ва ёш истеъдодлар иштирок этди.
Тошкент Фотосуратлар уйи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 25 ноябрдаги 264-қарорига асосан ташкил этилган. Маскан фаолияти кенг ва турли-туман бўлиб, бу ерда санъат ва маданият, давлат ва нодавлат муассасалари, халқаро ташкилотлар ҳамда жамғармалар, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган қатор давлатлар элчихоналари билан ҳамкорликда кўргазмалар, илмий-ижодий анжуманлар, ижодкорлар билан учрашувлар ўтказилади. Бугунги ҳисобот кўргазмасида ҳам Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фоторассомлар шўъбаси аъзолари билан биргаликда ҳаваскор фотографлар ҳам ўз ижод намуналари билан иштирок этмоқда.
Тадбирда сўз олганлар Фотосуратлар уйининг ҳамкор ташкилотлар билан ҳамжиҳатликдаги фаолияти, ижодкорлар ҳаётида тутган ўрни хусусида сўз юритди. Кўргазмада иштирок этишни истовчи ҳаваскорлар сони ортаётгани, шунингдек, уларнинг фотосуратлари сифат жиҳатидан яхшиланганлиги, шу билан бирга Фоторассомлар шўъбасида ҳам янги номлар пайдо бўлгани таъкидланди.
[gallery-21425]
Экспозицияда тақдим этилаётган фотосуратларда ҳеч бир чеклов қўйилмаган, иштирокчилар ижод намуналарини томошабинларга эркин намойиш этишларига имкон берилган. Фотоасарларнинг мавзулари каби жанрлари ҳам турлича, эътибор бериб қаралса, жанрлар ва мавзулар аралашлигини илғаш мумкин.
Ҳисобот кўргазмасида манзара жанри нисбатан устунлик қилган. Ушбу жанрдаги ижод намуналари орасида С. Канаки, В. Соколов, С. Карандаев, А. Коровиннинг фотоларида лиризм, З. Рўзиқулов, Э. Куртвалиев ишларида реализм, Ҳ. Шорахметов, Н. Лошук, И. Тен фотоларида эса импрессионизмга бироз ёндашилгани сезилади. Р. Шарипов, В. Гончаренко эса ўз фото ишларида миллий анъаналаримиз ва маданиятимизни тақдим этган.
Ҳаваскор фотографлар ҳам турли мавзу ва жанрларда ўз изланишларини намоён қилган. Улар орасида М. Юсуф, Т. Варисхонов, А. Ленков, A. Пaн, М. Ғафарова, Н. Буторина, А. Абдулҳафизов, A. Наим, А. Виноградов, Л. Аббосова, К. Галиская, Ш. Ибадуллаева, Е. Гирда, З. Шамшиметова, Э. Раҳматуллинанинг ижодий ишлари томошабинларда қизиқиш уйғотади.
Кўргазма 2 февралга қадар давом этади.
Камола ЮСУПОВА, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА