Форум ёшларга катта мотивация берди
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида “Ишбилармон – 2023" бизнес форуми бўлиб ўтди.
Талаба-ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, тадбиркорликка жалб этиш мақсадида жойларда “Бизнес марафон” мотивацион тренинглар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида вилоят ва Ғаллаорол туман ҳокимликлари, “Соҳибқирон дaрвозaси” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тадбирда “Юксaлиш” лидерлар академияси асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов, вилоятдаги 50 нафар муваффақиятга эришган тадбиркор ҳамда тадбиркор бўлиш истагида бўлган ёшлар иштирок этди.
Бизнес форумни Жиззах вилояти ҳокимининг савдо-иқтисодий ва тадбиркорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати A.Раҳмонқулов очиб берди. Мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.
“Юксaлиш” лидерлар академияси асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов ишбилармонларга ўз тажрибаси, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш қоидалари, муваффақиятга эришиш сирлари, бу йўлда ҳар бир тадбиркор бошидан кечириши мумкин бўлган қийинчиликлар ҳамда уларни қандай енгиб ўтиш мумкинлиги ҳақида гапириб берди.
Эркин мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларига “Юксaлиш” лидерлар академияси асосчисидан батафсил жавоб олди. Бизнес форумда иштирокчиларга аъло кайфият, кўтаринки руҳ улашиш мақсадида Марказий ҳарбий округ Жиззах гарнизони ҳарбий оркестри жамоаси томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бўлими бошлиғи Бахтиёр Холбоев, Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбарияти томонидан эътирофга сазовор бўлган 12 нафар тадбиркорга “Бизнес форум – 2023” сертификати ва эсдалик совғалари топширилди.
“Ишбилармон – 2023” бизнес форуми барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА