Формали кийим-бошлардан ноқонуний фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади
Парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида давлат тузилмалари ходимларининг формали кийим-бошидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан ҳарбий ва идоравий формали кийим-бошларга одамларни адаштириб юбориш даражада ўхшаш кийим-бошларни кийиш ёки улардан ноқонуний фойдаланиш қатъиян тақиқланяпти.
Амалдаги қонунчиликда тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ёки махсус формали кийим-бошни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш учун жавобгарлик назарда тутилган. Лекин ҳарбий ва (ёки) идоравий формали кийим-бошга ўхшаш бўлган фарқловчи белгилари ва (ёки) рамзларига эга формали кийим-бошни жорий этишни чекловчи нормалар мавжуд эмас.
Айрим ташкилотлар ходимлари ёки фирибгарлар бундан фойдаланиб, бундай формаларни жамоат жойларида ҳам кийиб юриш ва ўз манфаати йўлида фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Бу эса давлат органларининг аҳоли ўртасидаги обрўси ва имижига путур етказади, ҳокимият органларига ишончсизлик ошишига сабаб бўлади.
Шу мақсадда қонун лойиҳаси билан формали кийим-бош билан боғлиқ қоидалар тартибга солиняпти. Бундай ҳуқуқбузарликни содир этганларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Унга кўра, формали кийим-бошнинг ўзи мусодара қилинади ҳамда БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (2 миллион сўмдан 4,1 миллион сўмгача) жарима солинади.
Мазкур қонун лойиҳасидаги нормалар фуқароларни чалғитувчи ҳолатларнинг олдини олиш, формали кийим-бошлардан қонунга хилоф равишда фойдаланишга чек қўйиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг нуфузи ва обрўсини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА