Формали кийим-бошдан ноқонуний фойдаланганларга жарима солинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат тузилмалари ходимларининг формали кийим-бошидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Давлат органлари, вазирлик ва идоралар ходимлари учун жорий этилган формали кийим-бош унинг муайян давлат органи вакили эканини англатади, фуқароларда ишонч уйғотади, — деди депутат С.Азимов. — Бундай формали кийим-бош давлат хизматининг муҳим тимсолларидан бири ҳисобланади.
Афсуски, кейинги йилларда айрим ташкилотлар, идоралар, ҳатто айрим фуқаролар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган формали кийим-бошга адаштириб юбориш даражасида ўхшаш кийим-бошлардан фойдаланиш ёки айрим ташкилотлар томонидан ўз ходимлари учун шундай кийим-бошларни жорий этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай ўхшаш кийимлардан фойдаланиш фуқароларни чалғитиши, давлат органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда айрим шахсларга ўзини давлат органи ходими сифатида кўрсатиб, одамлар ишончини суиистеъмол қилиш, ҳатто жиноятлар содир этиш имкониятини яратиши мумкин.
Шу боис, мазкур қонун лойиҳаси билан давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийим-бошига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга формали кийим-бошни жорий этганлик ёки ундан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Яъни, формали кийим-бошнинг ўзи мусодара қилинади ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солинади, — деди депутат.
Таъкидланганидек, белгиланаётган нормалар формали кийим-бошлардан ноқонуний фойдаланишнинг ва турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, давлат хизмати обрўсини ҳимоя қилиш ҳамда формали кийим-бошлардан ноқонуний ва ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА