Форишда Хотира ва қадрлаш кунига тараддуд қизғин
Яна саноқли кунлардан кейин халқимиз Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 февралдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг
80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларни “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида юқори савияда ўтказиш белгиланган.
Фориш туманида давлатимиз раҳбари қарори ижросини таъминлаш ҳамда ушбу санани юқори савияда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Иккинчи жаҳон урушида 3884 нафар форишлик жангу жадалларда қатнашиб, уларнинг 2160 нафари қонли жангларда ҳалок бўлишган. Омон қолганлари ҳам майиб-мажруҳ ҳолда ўз она қишлоқларига қайтиб келишган. Яна қанчаси бедарак кетган.
Туманда ўтказилаётган ҳар бир тадбирда ёшларга Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатлари ҳақида маълумотлар бериш билан бирга, мард ва жасур форишликларнинг жанг майдонларида кўрсатган қаҳрамонликлари, фронт ортини мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатган бобо ва момоларимизнинг ҳаёт йўллари ибрат қилиб кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга ёшлар Ватанни севиш, тинчликнинг қадрига етиш, бугунги яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланишга даъват этилмоқда.
Тумандаги маҳаллаларда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан маҳалла аҳли иштирокида ҳашарлар ташкил этилиб, маҳаллалар, кўчалар, хиёбон ва қабристонлар тозаланиб, ободонлаштирилмоқда.
Ташкил этилаётган ҳашарларда нуронийлар, ёшлар фаол иштирок этишмоқда.
Фориш туманининг Дўстлик маҳалласида жойлашган “Ҳазрати Эшон халифа” қабристонида маҳалла аҳли иштирокида ҳашар ташкил этилди.Ҳашар давомида қабристон атрофи, сув йўллари турли чиқиндилардан тозаланиб, ободонлаштирилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири