Фитрат мактабида таҳсил олган бастакор
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида атоқли бастакор, Ўзбекистон халқ артисти Мухтор Ашрафий таваллудининг 110 йиллигига бағишланган тантанали кеча бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Мухтор Ашрафий уй-музейи билан ҳамкорликда ташкил этилди. Кечага маданият ва санъат намоёндалари, санъат йўналишидаги олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, ижодкор ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимовнинг устоз бастакор таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан табригини туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Нусратилла Зикриллаев ўқиб эшиттирди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда маданият ва санъатимизни равнақ топтиришга оид ислоҳотларда устоз санъаткорлар меросини кенг тарғиб этиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимиз мусиқа меросида атоқли композитор Мухтор Ашрафий яратган асарлар ғоят катта аҳамият касб этади. Мусиқанинг турли жанрларида асарлар яратган Мухтор Ашрафий, айниқса юртимиз опера санъати ривожига улкан ҳисса қўшган. Унинг “Дилором”, “Севги тумори”, “Бўрон”, “Матонат”, “Шоир қалби” каби кўплаб асарлари опера ва балет санъати ихлосмандларига яхши маълум.
Жорий йилда Мухтор Ашрафий таваллудининг 110 йиллиги ҳамда пойтахтимиздаги устоз номи билан юритилувчи уй-музей ташкил этилганининг 40 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу эса композитор ижодини такрор-такрор ёдга олмоқ учун яна бир қулай имкониятдир.
– Устоз Мухтор Ашрафий миллий ҳам, жаҳон мусиқа меросининг билимдони экани билан ҳам ёдимизда қолган, – деди Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев. – Ўз пайтида у Фитрат ташкил этган мактабда миллий мусиқа меросимизни ўрганган эди. Кейинчалик эса олий ўқув юртида жаҳон мусиқаси хазинасидан баҳраманд бўлди. Унинг серқирра ижодкорлиги билан бирга, раҳбарлик ва жамоат арбоби, меҳрибон устоз сифатидаги фаолияти жуда ибратлидир.
– Мухтор Ашрафий наинки яхши ижодкор, балки яхши инсон сифатида ҳам мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг, одамларнинг қалбидан жой олган, – деди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри постановкачи-режиссёри, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Андрей Слоним. – У доим кулиб турувчи, меҳрибон инсон бўлишига қарамай, адолатсизлик, ноҳақликка дуч келганида ғоят муросасиз, қаттиққўл бўлар эди.
– Композитор қачон бахтли бўлади, қачонки, унинг ижоди халққа етиб борса, асарлари одамларнинг қалбидан ўрин олсагина, бахтли бўлади, – деди Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада институти ректори, композитор Аваз Мансуров. – Шу маънода Мухтор Ашрафийнинг асарлари халқона руҳи, мусиқа санъатининг чинакам ихлосмандлари қалбидан жой олгани билан қадрлидир.
[gallery-7452]
Тадбирда Мухтор Ашрафий ижодидан намуналар янгради.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири