Фирибгарлар фаолиятига чек қўйилди
Фирибгарлар гуруҳи қўлга олинди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, Бухоро шаҳар Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро Ш.Ш. исмли аёл алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритишни мақсад қилган. Натижада танишлари 1996 йилда туғилган фуқаро Ш.Қ. ва 1998 йилда туғилган фуқаро Ш.М.лар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлади.
2022 йилда фуқаро Ғ.Н. томонидан АТИБ “Капиталбанк” Тошкент шаҳар филиалидан “Ласетти” русумли автомашинани кредитга олинганлигини ва тақиқда турганлигини олдиндан била туриб, ушбу автомашинани 2023 йил 17 январь куни Бухоро шаҳар “А.Сомий” кўчасида П.Ш. исмли фуқарога 3.900 АҚШ доллари эвазига сотиб, ушбу пулларни ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлайди. Белгиланган муддат ичида автомашинани расмийлаштириб бермасдан, фирибгарлик жиноятини содир қилади.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Ҳозирги кунда ушбу жиноий гуруҳнинг бошқа худди шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА