Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Финландия ректорлар кенгаши раиси ўринбосари, Карелия университети ректори Петри Ра йво бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
СамДУ ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов иштирокидаги учрашувда олий таълим соҳасидаги Ўзбекистон - Финландия ҳамкорлиги, икки университет ўртасидаги муносабатни янада чуқурлаштириш, СамДУнинг Ўзбекистон-Финландия педагогика институтига финландиялик профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш каби қатор масалалар муҳокама этилди.
– Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар таълим тизимида ҳам яққол аксини топмоқда, - деди Р.Холмуродов. – Бугун университетларимиз таркибида ташкил этилаётган институтлар муайян соҳага янада чуқурроқ кириб бориш имконини беради. СамДУ жамоаси Финландия таълим тизимининг истиқболли йўналишларини юртимизда жорий қилиш, ўзаро интеграцияни жадаллаштириш ниятида. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз тез орада амалий натижа беради.
– Бу заминга илк бор келишим, – дейди жаноб Петри Райво. – Ўзим тарихчиман, афсонавий кент менда ажойиб таассурот қолдирди. Агар уч сўз билан таърифлаш имкони берилса, Самарқандни чиройли, қадимий ва илмий шаҳар, деган бўлардим. Мазкур олий таълим маскани раҳбари Рустам Холмуродовнинг фикрлари менга жуда маъқул тушди.
Профессор-ўқитувчилар, докторантлар алмашинувини йўлга қўйиш, биргаликда самарали илмий тадқиқотлар ўтказиш юзасидан келишиб олдик. Ўзбекистон сўнгги 6 йил давомида ўзини дунёга намоён қилмоқда, деб бемалол айта оламан. Диёрингизда кечаётган ижобий ўзгаришлардан ҳайратдаман. Буларнинг бари ҳақида юртдошларимга албатта сўзлаб бераман.
Ташриф доирасида Финландия делегацияси Самарқанднинг тарихий қадамжолари – Амир Темур мақбараси, Регистон майдонини томоша қилишди, Мирзо Улуғбек мадрасасининг тарихи, фаолияти билан танишди.

Мафтуна КАРИМОВА,ЎзА