Фикр эркинлиги судья фаолиятида энг муҳим омил
Мустақил Ўзбекистон тараққиётига ҳуқуқий асос бўлган конституциямиз 32 ёшга тўлмоқда. Ўтган 2023 йил мамлакатимиз тарихида улкан воқелик – конституциявий ислоҳот йили сифатида муҳрланди. Яъни, Ўзбекистон конституцияси янги таҳрирда қабул қилинди.
Қомусимизнинг 136-моддасида судьялар мустақиллиги кафолати қуйидаги мазмунда мустаҳкамланган:
Судьялар мустақил бўлиб, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳеч қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш, қонунга мувофиқ, жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди.
Судьяларнинг маънавий мустақиллиги ҳам муҳим масала. Ўз навбатида, судья одоб ва ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиши, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатпарвар бўлиши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ёки холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳатти-ҳаракатдан ўзини тийиши шарт. Зеро, судьянинг одил судлов билан боғлиқ фаолияти, шунингдек хизматдан ташқари ҳолатда жамиятда ўзини тутиши жамоатчиликнинг доимий диққат-эътиборида бўлгани боис, судья ҳатти-ҳаракатида кузатиладиган ножоиз ҳолатлар жамоатчиликнинг суд ҳокимиятига ишончини сусайтиради. Шундай экан, судья аввало, ўзида барча инсоний фазилатларни мужассамлиштирган ҳолда, жамиятда одил судлов малакали, мустақил, холис ва адолатли суд томонидан амалга оширилаётганига нисбатан ишончни мустаҳкамлашга кўмаклашиши шарт.
Шунингдек, судьялар ўз касбий мустақиллиги йўлида тинимсиз изланиши зарур. Фикр эркинлиги судьянинг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Мустақил судья холис ва адолатли қарор қабул қилиши учун касбий фаолияти доирасида фикр-мулоҳазасини эркин ифода эта олиши лозим. Яъни, судьялар доимо ўрганишдан, илмий, маърифий асарлар ўқишдан тўхтаб қолмасликлари керак. Хорижий ҳамкасблари ютуқларини ўрганиши, таҳлил қилиши ва жоиз бўлса, ўз амалиётига сингдириши шарт.
Хуллас, судьялар мустақиллиги Конституциямизнинг бир неча моддаси ва бошқа қонунлар асосида кафолатлаб қўйилган. Бинобарин, бундай ҳуқуқ жамиятимиздаги аксар касб эгаларида йўқ. Шу билан бирга, касбий фаолияти нуқтаи назаридан, судья одиллик, холислик ва мустақиллик тамойилига риоя қилиш бўйича қўшимча мажбуриятларга ҳам эга. Демак, судья фикр ва сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланишда суд-ҳуқуқ тизимига ишончини сусайтирмаслиги, мустақиллик ва холисликни таъминлаш учун муайян чеклов ва юқори хулқ-атвор стандартига риоя қилиши талаб қилинади.
Фазлиддин Ёдгоров,
Тошкент шаҳри судининг
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси