“FIFA Series – 2026”: Ўзбекистон терма жамоаси бугун майдонга тушади
Бугун, 27 март куни пойтахтимизда футбол бўйича “FIFA Series – 2026” мусобақаси старт олади ва 30 март кунига қадар давом этади. ФИФА кунлари доирасида бўлиб ўтадиган мазкур турнирда Ўзбекистон, Венесуэла, Габон, Тринидад ва Тобаго миллий терма жамоалари иштирок этади.
Мусобақа доирасидаги илк учрашув “Пахтакор” стадионида Венесуэла - Тринидад ва Тобаго миллий терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Баҳс соат 15:00 да старт олади. Биз учун, аҳамиятли бўлган Ўзбекистон ва Габон терма жамоалари ўртасидаги ўйин “Бунёдкор” стадионида соат 19:00 да старт олади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур учрашувда футболчиларимиз Габонга қарши ўйинда тўлиқ оқ либосда майдонга тушади, дарвозабонимиз эса қора либосда ҳаракат қилади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун бу турнир 2026 йилги Жаҳон чемпионати олдидан сўнгги тайёргарлик босқичи бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА