ФИФА президенти БМТ бош котиби бўла оладими?
АҚШ Президенти Дональд Трамп ФИФА раҳбари Жанни Инфантинони Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг навбатдаги Бош котиби сифатида кўришни истаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бинобарин, Вашингтон расман унинг номзодини илгари сурган тақдирда ҳам, бу қарор Инфантинога энг нуфузли халқаро дипломатик лавозимни кафолатламайди. Сабаби БМТда танлов жараёни бир давлат иродаси билан ҳал этилмайди.
Яъни, номзод аввал БМТ Хавфсизлик кенгаши тасдиғидан ўтиши лозим. Ушбу орган таркибидаги вето ҳуқуқига эга доимий аъзолар – АҚШ, Россия, Хитой, Франция ёки Буюк Британия жараённи тўхтатиши мумкин. Шу боис муваффақият қозониш учун Инфантино нафақат Америка, балки бошқа йирик геосиёсий марказлар ишончини ҳам қозонишига тўғри келади.
Ҳозирча бу пойгада бир неча тажрибали дипломат ва сиёсатчи иштирок этяпти. Улар орасида Чилининг собиқ Президенти Мишель Бачелет, Халқаро атом энергияси агентлиги (МАGАТE) раҳбари Рафаэль Гросси, Сенегал собиқ етакчиси Макки Салл, шунингдек Коста-Рика, Эквадор ва Гайана томонидан кўрсатилган номзодлар бор. Амалдаги Бош котиб Антониу Гутерришнинг иккинчи муддати шу йил охирида якунига етади. Хавфсизлик кенгаши июль охиридан янги раҳбар масаласини муҳокама қила бошлайди.
Яна бир неча омил ФИФА раҳбарига қарши ишлаши мумкин. БМТда шаклланган норасмий анъанага кўра, раҳбарлик турли минтақалар вакиллари ўртасида навбат билан тақсимланади. Португалия вакилидан кейин яна европалик сайланиши эҳтимоли паст баҳоланмоқда. Қолаверса, кўплаб давлатлар ташкилот тарихида илк бор аёл етакчиси сайланиши вақти ҳам келганини илгари сурмоқда. Демак, АҚШ расман номзодлик берса ҳам, Инфантинони олдинда мураккаб ва кескин сиёсий рақобат кутиши эҳтимоли юқори.
Мусулмон Зиё, ЎзА