
Парагвай пойтахти Асунсион шаҳрида ўтказилган ФИФАнинг 75-Конгрессида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари ҳам иштирок этди.
Конгрессда ФИФА Тартиб-интизом қўмитаси, Этика, Апелляция, Бошқарув, Аудит ва Мувофиқлик қўмитасига аъзоларни сайлаш, аъзо ассоциациялар ва Кенгаш томонидан киритилган таклифларни муҳокама қилиш, футболда ирқчиликка қарши глобал позицияни мустаҳкамлаш ва ФИФАга аъзо бўлган ассоциациялар таклифларини муҳокама қилиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2031 йилдан бошлаб 48 та жамоага кенгайтирилиши ўз тасдиғини топди.

ЎФА матбуот хизматининг хабар беришича, Конгресс давомида жорий йилда бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги ФИФА Жаҳон чемпионати ҳамда кейинги йили ўтказиладиган миллий терма жамоалар ўртасидаги мундиал ҳақида ўзаро фикр алмашилди.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтишимиз лозимки, ФИФА ташкилотининг 76-Конгресси 2026 йилнинг 30 апрелида Канаданинг Ванкувер шаҳрида ташкил этиладиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА