Фидойилиги туфайли кўкрак нишони билан тақдирланди
Тадбиркорлик — бу нафақат даромад топиш, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳолига хизмат кўрсатиш, ҳудуд тараққиётига ҳисса қўшиш, жамият олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб меҳнат қилиш демакдир. Айниқса, инсонларнинг кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ коммунал соҳада фаолият юритиш раҳбардан ташаббускорлик ва изланиш билан бир қаторда юксак масъулият, сабр-тоқат ҳамда фидойиликни талаб этади.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойишига мувофиқ миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик соҳасида илғор тажриба ва анъаналар мактабини яратиш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган ана шундай тадбиркорлардан бир гуруҳи «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланишди.
Эътироф этилганлар орасида Гулистон шаҳридаги «Истиқлол коммунал хизмат таъмир» бошқарув-сервис компанияси раҳбари Замира Зулпихарованинг ҳам борлиги унинг кўп йиллик меҳнати, соҳада тўплаган тажрибаси ва аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш йўлидаги ташаббусларига берилган муносиб баҳо бўлди.
Муҳими, унинг меҳнат фаолияти коммунал хизмат соҳаси билан узвий боғлиқ. У 1996 йилда Гулистон шаҳар уй-жойдан фойдаланиш бошқармасида дастлаб уста, кейин муҳандис сифатида иш бошлади. 2000–2016 йилларда «Гулистон» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига, 2016–2022 йилларда «Фаровон Абсолют таъмир сервис» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига раҳбарлик қилди. 2021 йилдан буён эса «Истиқлол коммунал хизмат таъмир» бошқарув-сервис компанияси раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Замиранинг касбий йўли осон кечмаган. Айниқса, фаолиятининг дастлабки йилларида кўп қаватли уйларнинг ертўлалари, эскирган муҳандислик тармоқлари ва авария ҳолатларини бартараф этиш билан боғлиқ муаммолар унинг зиммасига катта масъулият юклаган.
— Гулистон шаҳар уй-жойдан фойдаланиш бошқармасида дастлаб уста, кейин муҳандис бўлиб ишлаганман. Бу айниқса, ёш фарзандлари бор аёл учун осон кечмаган. Кўп қаватли уйлар, уларнинг ертўлаларидаги муаммолар, аварияларни бартараф этиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳар куни янги масъулиятни талаб қиларди. Ўша пайтда уй-жойдан фойдаланиш бошқармасида ишлаётган ходимлар орасида ягона аёл эдим. Албатта, қийинчиликлар бўлди. Айрим кўп қаватли уйларнинг ертўлаларида эскирган сув ва канализация қувурлари сабабли тизза баробар, баъзи жойларда эса бир метрга яқин сув тўпланиб қоларди. Ёқимсиз ҳид, чивинлар ва оғир меҳнат шароити ишни янада мураккаблаштирарди. Шундай пайтларда «Бу иш оғир экан, аёл кишига тўғри келмас экан», дея чекиниб кетмадим. Аксинча, ҳар бир қийинчиликни тажриба ва сабоқ сифатида қабул қилдим. Бугунги натижаларимга сабр-тоқат, ҳалол меҳнат ва ўз касбимга садоқат орқали эришдим, — дейди Замира Зулфиқорова.
[gallery-30925]
Бу сўзлар шунчаки ўтган кунлар хотираси эмас. Унинг бугунги фаолиятига назар ташласангиз, ўша йилларда орттирилган тажриба, матонат ва масъулиятнинг самарасини кўриш мумкин. Йиллар давомида коммунал соҳанинг энг мураккаб жиҳатларини амалиётда ўрганган раҳбар бугун минглаб хонадонлар осойишталиги учун масъул жамоага бошчилик қилмоқда.
Айни пайтда компания ишчи ходимлари Гулистон шаҳрининг "Буюк келажак", "Обод юрт", "Бўстон" , "Боғи шамол", "Янги авлод", "Янги Ўзбекистон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 138 та кўп қаватли уйда жойлашган 5 323 та хонадонга коммунал хизмат кўрсатади. Бу минглаб инсонларнинг кундалик ҳаёти, хонадонларидаги осойишталик ва қулайлиги учун масъуллик дегани. Компанияда жами 43 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Улардан 9 нафари бошқарув ходимлари, 39 нафари муҳандис-техник йўналишда фаолият юритади. Жамоа 509 та кириш йўлаги, 120 та ертўла ҳамда умумий майдони 23 615 квадрат метр бўлган том қисмларига техник хизмат кўрсатмоқда.
Кейинги йилларда кўп қаватли уй-жойларни бошқариш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар соҳада янги ишлаш механизмларини шакллантириб, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун имкониятлар яратди. Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори соҳада янги босқични бошлаб берди. Илгариги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўрнида бошқарув-сервис компанияларининг ташкил этилиши кўп қаватли уй-жой фондини самарали бошқариш, умумий мол-мулкни асраш ва аҳолига хизматлар сифатини оширишда муҳим омил бўлди. Бу ўзгаришлар Гулистон шаҳрида ҳам амалий самара бермоқда. Бошқарув-сервис компаниялари фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида кўп қаватли уйларнинг техник ҳолатини яхшилаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш ва умумий ҳудудларни ободонлаштиришга эътибор кучайди.
Жумладан, «Бўстон» маҳалласидаги 52 та кўп қаватли уйда 2024–2025 йиллар давомида жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 15 та уйнинг кириш йўлаклари таъмирланди, 23 та уйнинг ертўла қисмидаги канализация тармоқлари янгиланиб, 100 миллиметрлик қувурлар ўрнатилди. Ертўлаларда санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида дезинфекция ишлари ҳам бажарилди. Шунингдек, 12 та кўп қаватли уйнинг ичимлик суви тармоқлари таъмирланди, 21 та юмшоқ қопламали уйнинг том қисмида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. 4-, 21-, 37-, 38- ва 49-уйлар атрофидаги пиёдалар йўлаклари ҳамда кириш қисмларининг 2 100 квадрат метр майдони бетон қоплама билан қопланди.
Уй-жойлар атрофида хавфсизлик ва ёритиш шароитини яхшилашга ҳам эътибор қаратилди. Тунги ёритиш чироқлари, фотореле ва кабеллар ўрнатилди. 11 та кўп қаватли уйга 61 дона кузатув камераси ўрнатилиши аҳоли хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадам бўлди. Болалар майдончаларини таъмирлаш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари ҳам давом эттирилди. Шу каби ишлар «Буюк келажак» маҳалласидаги 38 та кўп қаватли уйда ҳам амалга оширилди. 2025 йил давомида бу ерда умумий қиймати 239 900,0 минг сўмлик ишлар бажарилди. 10 та кўп қаватли уйда лифтларнинг мунтазам ишлашини таъминлаш ва электр энергияси билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш учун 119,0 млн сўм тўлов амалга оширилди. Яроқсиз инвентарлар янгиланди.
28 та уйнинг ертўла қисмидаги канализация тармоқлари тўлиқ янгиланиб, 100 миллиметрлик қувурлар ўрнатилди, ертўлаларда дезинфекция ишлари бажарилди. 9 та уйнинг ичимлик суви тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Кириш эшиклари, тунги ёритиш тизими, LED лампалар ва кабеллар янгиланди. Болалар майдончалари таъмирланиб, туташ ҳудудлар ободонлаштирилди. Бу рақамлар салмоқли. Аммо коммунал соҳада ҳар бир рақам ортида инсоннинг кундалик ҳаёти, хонадон осойишталиги ва аҳоли учун яратилган қулайлик туради. Таъмирланган бир қувур бир нечта хонадон ташвишини енгиллатса, обод этилган йўлак ўнлаб оилалар учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш имконини беради. Шу маънода, бажарилган ишнинг ҳақиқий қиймати унинг аҳоли ҳаётидаги амалий самараси билан белгиланади.
Аҳолига хизмат кўрсатишда тезкорликни таъминлаш мақсадида компанияда 24 соатлик навбатчилик ва диспетчерлик хизмати ташкил этилган. Сўнгги бир йилда аҳолидан тушган 744 дан ортиқ мурожаат ва чақирув ўз вақтида кўриб чиқилиб, юзага келган коммунал муаммолар бартараф этилди. Бу эса соҳада тезкорлик билан бир қаторда масъулият ва аҳоли мурожаатларига эътибор муҳим ўрин тутишини кўрсатади.
Кўрсатилаётган хизматлар сифати аҳолининг коммунал тўловларга муносабатида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Сўнгги бир йилда уй-жойдан фойдаланиш хизматлари бўйича муддати ўтган қарздорлик мавжуд эмас. Бу ҳолат аҳоли ва хизмат кўрсатувчи ташкилот ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда масъулиятнинг муҳим кўрсаткичидир. Зеро, коммунал хизмат тушунчаси фақат қувур, том ёки ертўла билан чекланмайди. Унинг замирида инсон учун муносиб яшаш муҳитини яратишдек муҳим вазифа мужассам. Шу боис кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, пиёдалар учун қулай йўлаклар барпо этиш, болалар майдончаларини тартибга келтириш ва аҳолининг мазмунли дам олиши учун шароит яратиш ишлари ҳам давом эттирилмоқда.
Замиранинг ташаббуси билан кўп қаватли уйлар атрофига 1,3 минг туп терак, 540 туп арча, 360 туп мевали дарахт, шунингдек, 8,4 минг туп мавсумий ва кўп йиллик гул кўчатлари экилди. Пиёдалар йўлакларига 48 та тунги ёритиш чироғи ва 94 та ўриндиқ ўрнатилди. Болалар майдончалари таъмирланиб, аҳоли учун янада файзли ва обод муҳит яратилмоқда.
Гулистон шаҳрининг Бўстон маҳалласида РК–1 ва РК–2 замонавий қозонхоналарининг ишга туширилиши натижасида ўнлаб кўп қаватли уйларни барқарор иссиқлик билан таъминлаш имконияти кенгайди. Энергия тежамкор технологияларнинг жорий этилиши эса табиий газ ва электр қувватидан самарали фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
Бундан беш-олти йил аввал шаҳарнинг айрим ҳудудларида, хусусан, 3-, 4- ва 5-микрорайонлардаги кўп қаватли уйларнинг аҳволи анча мураккаб эди. Ичимлик суви маълум вақтларда берилар, иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар ҳам аҳолини қийнаб келарди. Бугун эса вазият сезиларли даражада ўзгарди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан уйларнинг том ва фасад қисмлари, ички муҳандислик-коммуникация тармоқлари босқичма-босқич янгиланмоқда.
— Айниқса, иситиш тизимларини модернизация қилиш, янги қозонхоналар қуриш ва замонавий технологияларни жорий этиш аҳоли учун катта қулайлик яратди. Бу ишлар нафақат уйларнинг ташқи кўринишини яхшиламоқда, балки хонадонларда муносиб яшаш шароитини таъминламоқда, — дейди компания раҳбари.
Гулистон шаҳридаги ўзгаришлар уйларнинг ташқи қиёфасидагина эмас, аҳолининг кундалик ҳаётида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Илгари оқова сув тўпланиб қолган ертўлалар тозаланиб, канализация тармоқлари янгиланмоқда, санитария ҳолати яхшиланмоқда. Томлар ва кириш йўлакларидаги таъмирлаш ишлари эса хонадонлардаги яшаш шароитини янада яхшиламоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил декабрь ойида Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Гулистон шаҳрининг Бўстон маҳалласида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган модернизация ишлари билан танишгани ҳам бу жараёнларга янги суръат бағишлади.
— Давлатимиз раҳбарининг маҳалламизга ташрифи, аҳоли кайфиятига янада кўтаринки руҳ бағишлади. Айниқса, Президентимизнинг одамлар билан очиқ мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини бевосита тинглагани ва уларни ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар бергани биз учун катта аҳамиятга эга бўлди. Бу эътибор ва ғамхўрлик маҳалламизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига ҳам янгича руҳ бағишлади, — дейди Замира.
Унинг фаолиятида одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг талаб ва таклифларини ўрганиш, мурожаатларга эътибор қаратиш алоҳида ўрин тутади. У ўзи истиқомат қилаётган маҳалла ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб, маҳаллада ўтказиладиган тадбирлар ва ҳашарларда мунтазам қатнашиб келмоқда. Зеро, раҳбарнинг ҳақиқий баҳоси фақат ҳисоботлардаги рақамлар билан эмас, одамларнинг розилиги ва ишончи билан ўлчанади. Замиранинг меҳнат фаолиятида эса бу икки мезон — натижа ва инсон манфаати бир-бирини тўлдириб келмоқда.
Бир вақтлар оғир шароитдаги ертўлаларда ишлашдан чўчимаган, эскирган қувурлар ва мураккаб авария ҳолатларини бартараф этиш жараёнида тажриба орттирган аёл бугун минглаб хонадонларга хизмат кўрсатадиган жамоага раҳбарлик қилмоқда. Унинг бугунги натижалари бир кунда ёки бир йилда қўлга киритилган эмас. Бу — йиллар давомидаги меҳнат, сабр-тоқат, изланиш, масъулият ва касбга садоқат самараси.
Шу маънода, «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони Замира Зулпихарованинг меҳнати ва ташаббусларига берилган оддий мукофот эмас. Унда кўп йиллик меҳнатнинг қадри, одамлар ишончининг эътирофи ва аҳолига муносиб шароит яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг муносиб баҳоси мужассам.
Энг асосийси, Замира учун бу мукофот босиб ўтилган йўлнинг якуни эмас, балки янги марралар сари янада дадил қадам ташлашга ундайдиган рағбатдир. Бу эътироф унга янги куч ва ишонч бағишлаб, эртанги кунга умид билан қараш, янги ғоя ва ташаббуслар билан меҳнат қилиш учун янада катта рағбат бўлиши шубҳасиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/58nQUUw-p8s" title="Zamiraning mehnat va tashabbusi e’tirof etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат-видео), ЎзА