Фидойи шифокорлар хотирланди
З.М.Бобур номли Андижон вилояти Ахборот-кутубхона марказида “Ўзбекистон тиббиётининг ривожланиш одимлари: Андижон тиббиётининг устунлари” деб номланган хотира тадбири бўлиб ўтди.
Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда нафақат Андижон, балки мамлакатимиз тиббиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган машҳур шифокор-профессорлар Юсуф Отабеков, Раҳим Нурмуҳаммедов, Сатқул Жумабоев хотираси ёдга олинди.
Тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари, шифокорлар, талаба ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тадбирда Андижон давлат тиббиёт институти проректори С.Салоҳиддинов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси М.Артиқова ва бошқалар сўз олиб, юртимиз тиббиётининг ривожланиш тарихи, айниқса, Андижонда тиббиёт ва тиббиёт фани ривожида алоҳида ўрин эгаллаган, ўз касбининг фидойиси бўлган марҳум профессорлар Юсуф Отабеков, Раҳим Нурмуҳаммедов, Сатқул Жумабоев томонидан амалга оширилган ишлар, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти хақида гапирди.
[gallery-9546]
Устоз шифокорлар ўзларининг марҳум устозлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашди. Айниқса, тадбирда қатнашган россиялик тажрибали хирург В.Войно-Ясиненский Андижонда аввал кўп бора бўлганлигини, Андижон давлат тиббиёт институтининг барпо этилиши ва ривожида устоз олимларнинг ҳиссаси беқиёс эканлигини, ана шундай фидойи шифокорлар билан ҳамкорликда ишлаганлигини алоҳида эътироф этди.
Хотира кечасида эл-юрт саломатлиги, тиббиёт равнақи йўлида фидойилик кўрсатган инсонлар хотираси ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг ҳаёт йўли ҳамиша ёшлар учун ибрат мактаби эканлиги қайд этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА