Фидойи ҳамширалар тақдирланишди
Инсон саломатлигини асрашдек шарафли ва масъулиятли соҳада меҳр, сабр ва фидойилик бир-бири билан чамбарчас уйғунлашиб кетади. Айниқса, шифокор ва бемор ўртасидаги энг яқин кўмакчи бўлган ҳамширалар меҳнати жамиятда алоҳида эътирофга муносибдир. Улар нафақат тиббий хизмат кўрсатади, балки беморга руҳий далда, меҳр ва ишонч ҳам улашади.
Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Сирдарё вилоятида байрам тадбири ўтказилди. Тадбир Сирдарё вилояти Ёшлар марказида ташкил этилиб, унда вилоят раҳбарияти, соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари, тиббиёт муассасалари ходимлари ҳамда фахрийлар иштирок этишди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Воҳид Худойқулов ва соҳа мутахассислари сўзга чиқишиб, тиббиёт тизимида ўрта тиббиёт ходимларининг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, ҳамширалик — бу шунчаки касб эмас, балки инсон қалбига меҳр улашиш, оғир дамларда беморга суянч бўлишдек юксак инсоний фазилатдир. Бу касб эгасидан нафақат билим, балки юксак масъулият, сабр ва чуқур инсонийлик талаб этилади.
Тадбир давомида тиббиёт соҳасида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келаётган, республика ва вилоят миқёсида ўтказилган кўрик-танловларда юқори натижаларга эришган ўрта тиббиёт ходимлари тақдирланишди.
Жумладан, “Ҳамшира – 2026” кўрик-танловида фаол иштирок этиб, турли номинациялар бўйича ғолиб ва совриндор бўлган соҳа вакилларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Айниқса, республика босқичида юқори натижа кўрсатган ҳамширалар алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга, республика миқёсида ўтказилган “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” кўрик-танловида Ҳумоюн Бобоназаров фахрли 1-ўринни қўлга киритди. У Оқолтин тумани тиббиёт бирлашмасида фаолият юритиб, “Йилнинг энг яхши соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси” номинацияси ғолиби сифатида ҳам эътироф этилган.
У ўз сўзида бу ютуқни жамоавий меҳнат самараси сифатида баҳолаб, жумладан шундай деди:
– Республика миқёсидаги танловда 1-ўринни қўлга киритиш мен учун катта шараф. Бу ютуқ нафақат шахсий меҳнатим, балки жамоамизнинг қўллаб-қувватлаши ва ишончи натижасидир.
[gallery-29453]
Таъкидлаш жоизки, Ҳумоюн Бобоназаров ўз фаолияти давомида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, касалликларнинг олдини олиш, тиббий маданиятни оширишга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда зарарли одатларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари юқори баҳоланмоқда.
Тадбир якунида иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилиб, уларнинг самарали меҳнати ва касбига садоқати алоҳида эътироф этилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА