Фидокорона меҳнатнинг эътирофи
Инсон қадри улуғланаётган бугунги Янги Ўзбекистонда шу азиз Ватанимиз равнақи, халқ фаровонлиги, юртимиз тинчлиги ва янада гуллаб-яшнаши йўлида фидойилик кўрсатиб келаётганлар алоҳида эҳтиром ва эъзозга сазовор бўлишмоқда.
Раҳбарлик лавозимларида узоқ йиллар самарали фаолият юритган, кексаларни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшаётган, табаррук 75 ёшга тўлган “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов Президентимиз фармонига асосан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди.


Шу муносабат билан Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да бўлиб ўтган тантанали маросим чинакамига байрам тусига кирди. Ушбу муҳташам бинога жам бўлган давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, вилоят фаоллари, меҳнат фахрийлари, маҳалла тизими вакиллари, бир гуруҳ ёшлар мамлакатимизда ўзининг жўшқин иш фаолияти орқали элу юрт меҳрини қозонган фидойи инсон Икромхон Ҳошимхоновични қутлуғ ёши билан муборакбод этдилар.

1951 йилда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида таваллуд топган Икромхон Нажмиддинов 1997-1999 йилларда Тўрақўрғон тумани ҳокими, 2004-2008 йилларда Наманган вилояти ҳокими сифатида фаолият олиб бориб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига катта улуш қўшди. Қолаверса, Республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, “Ўздонмаҳсулот” давлат акциядорлик корпорацияси бошқарув раиси каби масъул вазифаларда ҳам муносиб иш олиб борди.

Катта тажрибага эга бўлган бу инсонга Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Наманган вилоят бўлимига бошчилик қилиш ишониб топширилди. У вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида маҳаллаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, кексаларнинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш, ўсиб келаётган ёш авлодга ҳар томонлама тиргак ва маслаҳатгўй бўлишда салмоқли ишларни амалга оширди.

Айниқса, Наманган аҳли 2000 йилларда вилоят марказидаги асосий стратегик йўл – Ғишткўприк ва Чорсу даҳаларини боғловчи жойда барпо этилган катта кўприкнинг бугунги кунда халқимизга сифатли хизмат кўрсатишида Икромхон Ҳошимхоновичнинг меҳнатлари беқиёс бўлганини чуқур ҳурмат билан эътироф этади. Унинг юрт ривожи йўлидаги мана шундай камтарона меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Меҳнат шуҳрати” орденларига лойиқ кўрилган.

Тадбирда юбилярни юксак мукофот билан тақдирлаш ҳақидаги Президент фармони ўқиб эшиттирилди. Республика “Нуроний” жамғармаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Икромхон Нажмиддиновни “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрий унвонига муносиб кўрилганлиги билан самимий тилакларини билдирди.
Ўз навбатида, қутлуғ сана соҳиби кўрсатилган юксак эҳтиром учун мамлакатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйишдаги масъулиятли вазифалар рўёби йўлида шижоат билан ишлашда давом этажагини таъкидлади.
Тантанали маросимда Президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири, вилоятнинг собиқ ҳокими Баҳодир Юсупов, Наманган вилояти ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ирода Қўчқорова, “Нуроний” жамғармаси Уйчи тумани бўлими раиси Тоҳиржон Исматуллаев ва бошқалар Икромхон Нажмиддиновнинг мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги фидокорона меҳнатлари, элимиз орасидаги обрўси ва инсоний-ахлоқий фазилатларини алоҳида тилга олишди.
– Инсон умри ёш билан эмас, мазмуни билан ўлчанади. Ҳаётий фаолият моҳияти ва мезони йиллар ёки унвонлар билан эмас, балки самаралар, эришилган зафарлардадир. Яъни инсондан комил фарзанд, билимли шогирдлар ва фақат яхши ишлар ёдгор бўлиб қолиши ҳаётнинг моҳиятини белгилайди, – дейди Наманган вилоят ҳокимлиги хузуридаги Фукароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув маркази директори, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Раҳмонжон Эгамбердиев. – Устозим Икромхон Ҳошимхоновични бундан 30 йил аввал, яъни 1996 йилдан буён яхши биламан. Вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят “Истиқболстат” бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган кезда устознинг йўл-йўриқ ва тавсиялари, ишга жуда катта масъулият ва қатъият билан ёндашишлари менга улкан сабоқ, ҳаёт мактаби бўлган.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА