Фидокорона меҳнат эътирофи
Самарқандда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев 70 ёшга тўлиши муносабати билан маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқиб, Фармон Тошевни табриклади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фахрий ёрлиғини топширди.
– Самарқанд маънавий муҳитини Фармон Тошевсиз тасаввур қилиш қийин, – деди Э.Турдимов. – У киши бугун нафақат ижодкор, балки депутат, сенатор сифатида жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу хизматлари учун “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган. Давлатимиз раҳбарининг Фахрий ёрлиғи ижодкорнинг ана шу хизматларнинг яна бир эътирофидир.
[gallery-16829]
“Нуроний”жамғармаси республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги директори Абдусаид Кўчимов, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ҳам ижодкор ҳақида илиқ фикрларни билдирди.
– Кейинги йилларда жамият ҳаётида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ниҳоятда ошди, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуджон Парпиев. – Айниқса, давлат бошқаруви органлари очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда мазкур соҳанинг роли кенгайиб бормоқда. Парламент юқори палатасида Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ташкил этилиши ҳам жамиятимиздаги ана шу ўзгаришлар натижасидир. Фармон Тошев аввало журналист сифатида мазкур қўмита ишида фаол иштирок этмоқда. Соҳага оид қонун ва бошқа ҳужжатларни қабул қилишда шу соҳа вакили сифатида асосли таклифлар, фикрлар беради.
Шунингдек, тадбирда Самарқанд адабий муҳити ва журналистика мактаби анъаналари ҳамда унинг бугунги ҳолати тўғрисида сўз борди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари, шоир Нодир Жонузоқ, маърифатпарвар аллома Саидризо Ализоданинг набираси Фарҳод Ализода бу борада Фармон Тошев фаолияти ва у раҳбарлик қилаётган “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталарининг ўрнига тўхталди.
Тадбир доирасида ижодкорнинг яқинда чоп этилган “Мезон” номли асари тақдимоти ўтказилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари