Фидоийлик ва машаққатли меҳнат эътирофи
Мамлакатимиздаги таълим соҳасига эътибор, ислоҳотларнинг тизимли амалга оширилиши соҳа ходимларининг ютуқларга эришиши, ўз иқтидорини намоён этишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тошкент давлат транспорт университети профессори Анвар Адилхўжаев ҳам берилган имкониятлар, яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб келаётган педагоглардан бири. У Россия Федерациясининг 2021 йил учун фан, техника ва қурилиш материаллари саноати, конструкциялари ҳамда қурилиш саноати ишлаб чиқаришини ташкил этиш соҳаси бўйича А.И.Гришманов мукофоти соҳиби бўлди.
А.И.Гришманов номидаги мукофот фан, техника, таълим, қурилиш материаллари ва конструкцияларни ишлаб чиқаришни ташкил этишга катта ҳисса қўшган мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган.
Мукофот қурилиш материаллари ва конструкциялари саноати корхоналари, бирлашмалари, ташкилотлари ва муассасалари, қурилиш индустрияси, соҳани лойиҳалаш, фан ва таълим муассасалари ишлаб чиқаришида камида 10 йил давомида хизмат кўрсатган ходимларга, шунингдек, соҳа ривожига катта ҳисса қўшган бошқа шахсларга берилади.

Анвар Адилхўжаев 450 дан ортиқ илмий ишлар, хусусан, 15 та дарслик ва ўқув қўлланма, 14 та монография, 20 та патент ва ихтиро муаллифи. Ўтган беш йил давомида у 4 нафар техника фанлари доктори ва 6 нафар фан номзодига устозлик қилди.
Профессор А.Адилхўжаевнинг илмий ишланмалари Ўзбекистон Республикаси қурилиш индустрияси корхоналарида кенг қўлланилади. Профессор А.И.Гришманов номидаги мукофотдан ташқари “Фахрий темирйўлчи” (1988) кўкрак нишони, “Россияда хизмат кўрсатган муҳандис” фахрий унвони (2002), “Россияда транспорт таълимига 200 йил” юбилей кўкрак нишони (2009) ҳамда “Меҳнат фахрийси” (2021) кўкрак нишони билан тақдирланган.
Рағбат, эътироф ва эътибор соҳа ривожига, мутахассисларнинг янада самарали изланиши, интилишида муҳим омил бўлади. Анвар Адилхўжаевнинг мазкур мукофотга сазовор бўлиши замирида ҳам фидойилик, машаққатли ва самарали меҳнат ётади.
Б.Мелиқулова,
ЎзА