Федерация аралашуви билан бемор қайта даволанди
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси "Ишонч” телефонига Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Султоной Хўжамуродованинг шу йил июль ойидаги мурожаати атрофлича ўрганилди.
С. Хўжамурадова Термиз шаҳридаги “ДОНГ ГУАНГ” Хитой табобат клиникасига ўғлини даволатиш учун олиб бoрган. Клиника шифокорлари фарзандини самарали натижа билан даволашга ишонтириб, муолажаларни бошлаган.
Жарқўрғонлик мижоз муолажалар учун нақд 4,5 миллион сўм пул маблағини тўлаб берган. Лекин, бемор марказдан ҳеч қандай наф кўрмайди. Бундан ажабланган онаизор истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятилари Федерациясига мурожаат этади.
Мурожаатни ўрганган жамият мутахассислари фуқаронинг эьтирозларини ўринли, деб топди. Клиника мутасаддилари билан суҳбат ўтказиб, вазиятни тушунтирди. Натижада С. Хўжамуродованинг фарзанди қайта дори-дармон билан таъминланиб, такрорий муолажа амалиётлари ўтказилди.
Вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ахборот хизматидан маьлум қилишларича, айни пайтда беморнинг саломатлиги яхши. Онаси эса мурожаати адолатли ечим топгани ва ўғлининг соғлиги тикланаётганидан мамнун.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА