Фахрийлар ҳаёти ёшлар учун ибратдир
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Андижон академик лицейида “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари” шиори остида “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси “Ватан” хайрия жамоат фонди бошқаруви, Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда ички ишлар тизими фахрийлари, ҳозирда фаолият олиб бораётган ходимлар ҳамда лицей ўқувчилари иштирок этди.
Тадбир очилишида сўз олган Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Асилбек Раҳмонов ва бошқалар томонидан халқимиз учун бебаҳо неъмат юртимиз тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада ички ишлар тизими ходимларининг самарали фаолияти, айниқса, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган, кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга кекса авлод вакилларининг панд-насиҳатлари муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
– Фахрийларнинг ибратли фаолияти ва ҳаёт йўли биз, айниқса, ёшларимиз учун маёқдир, – дейди “Ватан” хайрия жамоат фонди оммавий ва ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Ботиржон Содиқов. – Улардан ибрат, сабоқ олиб меҳнат қилсак, яшасак ҳаётда ҳеч қачон кам бўлмаймиз.
[gallery-7154]
Тадбирда устоз ва тажрибали мураббий сифатида салмоқли ҳисса қўшиб келаётган фахрийларга миннатдорчилик билдирилди.
Самимий мулоқот, қизиқарли савол-жавоблар тарзида ўтган учрашувда “Ватан” хайрия жамоат фонди раиси А.Абдуманнопов, истеъфодаги полковниклар A.Шелько, В.Головин, Д. Юсупов ва бошқа кўплаб фахрийлар ёш ходим ҳамда ўқувчиларга ўзларининг ҳаётий тажрибаларини гапириб берди. Ёш ходимлар, ўқувчиларга фаолиятлари давомида ўз ишининг етук билимдони, фидойи бўлиб ишлаш учун нималарга эътибор қаратиш муҳимлиги ҳақида ҳаётий мисоллар асосида тавсия ва маслаҳатлар берди.
Тадбирда бир гуруҳ ички ишлар тизими фахрийларга “Ватан” хайрия жамоат фондининг эсдалик нишонлари ва совғалари топширилди. ИИВ Андижон академик лицейи ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур, шеърий чиқишлар тадбирга ўзгача файз киритди. Тадбирдан сўнг “Ватан” хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси бошчилигидаги бир гуруҳ фахрийлар ва мутасаддилар Андижон шаҳридаги меҳнат фахрийлари хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),