Фахрийлар ҳаёт йўли – ёшларга ибрат
ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Марҳамат туманидаги ҳарбий қисмда “Улуғ аждодларимизга муносиб авлод бўлиш – ҳар бир чегарачининг шарафли бурчи” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан аскарларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, чегара қўшинларининг шонли анъаналарини кенг тарғиб этиш, ёшларни юртга, Ватан ҳимоясига фидойи инсонлар қилиб камолга етказиш мақсадида ташкил этилган тадбирда истеъфодаги подполковник Бахтиёржон Қаюмов, ҳарбий қисмда хизмат вазифасини ўтаётган аскар ва зобитлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирда чегара қўшинлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Бахтиёр Қаюмов ўзининг хизмат давридаги хотиралари билан ўртоқлашди. Ватан ҳимояси, унинг тинчлиги ва сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш ҳар бир инсоннинг, айниқса, эр йигитнинг муқаддас бурчи эканлиги, чегара қўшинлари аскарларининг масъулияти ҳақида гапирди.
[gallery-23579]
Шунингдек, тадбирда юртимиз Қуролли Кучлари салоҳияти, ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятлар, чегара қўшинларининг шонли анъаналарини давом эттириш шарафли бурчи эканлиги, ҳарбийнинг фарзандлик, оила раҳбари – оталик масъулияти хусусида сўз юритди.
Фахрийнинг ибратли ҳаёт йўли, хизмат давомида эришган ютуқларига ҳавас қилган аскар ва зобитлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга фахрий чегарачидан батафсил жавоб олди.
– Фахрийларнинг ҳаёт йўли биз ёшлар учун ибрат мактабидир, – дейди лейтенант Фарҳод Тошпўлатов. – Бугунги тадбирда қатнашиб, хизматни юқори савияда ўтказиш, чегарачи нималарга кўпроқ эътибор бериши кераклиги ҳақида ибратли маслаҳатлар олдик.
Тадбир, айниқса, ёш аскарларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Якунда фахрий чегарачига ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.